• Вт. Мар 17th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Жанубий Кореяда 16−17 сентябрь кунлари Марказий Осиё давлатлари билан илк саммит ўтиши кутилмоқда


Жанубий Корея ҳамда Марказий Осиёнинг бешта давлати — Қозоғистон, Ўзбекистон, Туркманистон, Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги саммит 16−17 сентябрь кунлари бўлиб ўтиши кутилмоқда. Бу ҳақда Yonhap ушбу саммитга тайёргарлик йиғилишига раислик қилган ташқи ишлар вазири Чо Хённинг сўзларига таяниб хабар қилди.

Вазирлик раҳбарининг таъкидлашича, ушбу саммит Жанубий Корея учун «Янги шимолий сиёсат»ни ривожлантириш борасидаги узлуксиз саъй-ҳаракатлар орқали дипломатик уфқларини кенгайтиришда муҳим воқеа бўлади.

«Янги шимолий сиёсат» собиқ либерал ҳукумат раҳбари Мун Чже Иннинг ташаббуси бўлиб, у Евроосиёда тинчлик ва ҳамкорликда гуллаб-яшнаш концепцияси асосида Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган эди, дейилади хабарда.

Чо, шунингдек, саммит Марказий Осиё давлатлари билан ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлабгина қолмай, таъминот занжирини диверсификация қилиш ҳамда минтақадаги этник корейслар жамоаси билан алоқаларни яхшилаш каби соҳаларда пойдевор яратишини таъкидлаган.

The World Korea нашрининг аниқлаштиришича, Корея ҳукумати ушбу саммитдан қуйидаги соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш имконияти сифатида фойдаланиш ниятида:

  • Муҳим фойдали қазилмалар ва энергетика соҳасидаги шериклик;
  • Саноат ва рақамли трансформация;
  • Транспорт ва логистика алоқалари;
  • Мудофаа ва хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик;
  • Қишлоқ хўжалиги, иқлим ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорлик.

Таъминот занжирининг барқарорлиги ва диверсификацияси Кореянинг узоқ муддатли иқтисодий барқарорлиги учун марказий устувор вазифа бўлиб қолмоқда, бу эса Марказий Осиё билан янада чуқурроқ ҳамкорлик қилишни стратегик заруратга айлантиради, дейди нашр.

Саммит саналари ҳақида Ўзбекистон расмийлари ҳали маълумот берганича йўқ.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йил ёзида Ўзбекистон президенти 2025 йил Сеулда «Марказий Осиё — Корея» форматидаги биринчи саммитни ўтказиш таклифини маъқуллаганди. Ўшанда Кореянинг собиқ президенти Юн Сок Ёль Ўзбекистонга давлат ташрифи билан келганди.

Минтақа давлатлари «АҚШ — Марказий Осиё», «Европа Иттифоқи — Марказий Осиё» ва «Япония — Марказий Осиё» форматларидаги саммитларда ҳам фаол иштирок этиб келмоқда.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *