Январь ойида маҳаллий ишлаб чиқарилган ва импорт қилинган янги енгил автомобиллар савдоси ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 7,2 фоизга ошиб, 28,6 минг донани ташкил этди. Бу ҳақда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (ИТИМ) таҳлилида айтилади.
Ҳудудлар кесимида энг юқори фаоллик Бухоро, Қашқадарё, Фарғона ва Сурхондарё вилоятларида қайд этилди.
Шу билан бирга, ўтган йилга нисбатан янги енгил автомобиллар сотуви Самарқанд ва Хоразм вилоятларида, шунингдек Тошкент шаҳрида камайди.
Маҳаллий ишлаб чиқарилган янги автомобиллар сегментида сотувлар ўтган йил январь ойига нисбатан 11 фоиздан ортиқ ўсиб, 24 минг донадан зиёдни ташкил этди.
Айни пайтда хорижда ишлаб чиқарилган янги автомобиллар реализацияси қарийб 4,4 минг донани ташкил этиб, ўтган йил январь ойига нисбатан 10 фоизга камайди.
Электромобиллар — асосий драйвер
ИТИМ маълумотларига кўра, январь ойида электромобиллар савдоси ўтган йилга нисбатан 9 фоизга ошиб, 6,1 минг донани ташкил этди.
Ҳудудий кесимда январь ойидаги сотувларнинг асосий қисми Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келди. Пойтахтда 3,7 мингта электромобиль сотилиб, жами ҳажмнинг 62 фоиздан ортиғини ташкил этди.
Кейинги ўринларда Самарқанд (3,5 баробар), Наманган (2,4 баробар), Сурхондарё (5 баробар) ҳамда Хоразм (3 баробар) вилоятлари қайд этилди.
Шу билан бирга, электромобилларнинг бирламчи бозори 2025 йил январь ойига нисбатан рекорд даражада 45,3 фоизга ўсиб, 4,7 мингта электромобилни ташкил этди.
ИТИМ умумий автомобиль бозори, жумладан, иккиламчи бозорга оид маълумотларни эълон қилмади. Масалан, 2025 йил январь ойида енгил автомобиллар савдоси йиллик ҳисобда 38,5 фоизга сезиларли даражада камайганди.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йилда Ўзбекистонда 457,9 мингта енгил автомобиль ишлаб чиқарилди, бу аввалги йилдан 6,7% кўп. Умумий ўсишга қарамай, Cobalt, Damas ва Onix каби оммавий моделларни ишлаб чиқариш камайди. Chevrolet’нинг бозор улуши 83,2% гача пасайди, Хитой ва бошқа брендларда эса бир неча карра ўсиш кузатилди.
Президент Шавкат Мирзиёев 13 февралдаги йиғилишда ишлаб чиқариладиган автомобиллар сонини 510 мингга етказишни топширди.
