UTK International Logistics Co. Ltd Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонаси томонидан Хитойдан Тожикистонга илк синов контейнер поезди муваффақиятли жўнатилди. Бу ҳақда корхона таъсисчиларидан бири — «Ўзтемирйўлконтейнер» матбуот хизмати хабар қилди.
Маълум қилинишича, поезд халқ истеъмоли маҳсулотлари ва қурилиш техникаси юкланган 8 та 40 футлик контейнердан иборат. У Ланчжоу станциясидан жўнаб, Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон — Тожикистон мультимодал транспорт коридори орқали Душанбе-2 станциясига етказилиши режалаштирилган.
Йўналишнинг умумий масофаси 3500 километрдан ортиқни ташкил этади, юкларни етказишнинг транзит муддати эса 18−20 кун деб белгиланган.
Таъкидланишича, «Ўзбекистон темир йўллари» томонидан логистика соҳасидаги ташаббуслар қўллаб-қувватланаётгани натижасида мазкур мультимодал йўналиш бўйлаб тариф имтиёзлари жорий этилган.
«Ушбу пилот лойиҳа компаниянинг Хитой — Марказий Осиё йўналишида барқарор ва мунтазам контейнер ташувларини йўлга қўйиш бўйича амалий салоҳиятини тасдиқлайди», — дейилади хабарда.
2025 йил июлида «Ўзтемирйўлконтейнер» Хитой логистика операторлари билан МО давлатлари ва Афғонистонга мультимодал ташишни ривожлантириш бўйича музокаралар ўтказган эди. Натижада яқинда Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон — Тожикистон / Туркманистон йўналиши бўйича тажриба контейнер маршрути ишга тушиши эълон қилинганди.
Шундан кейин «Ўзтемирйўлконтейнер» Хитой билан ҳамкорликда UTK International Logistics қўшма транспорт корхонаси ташкил этилганини маълум қилди. Янги компания юкларни консолидация қилиш ва Хитой ҳамда Марказий Осиё ўртасида юк ташишни ривожлантириш билан шуғулланиши қайд этилди.
Ўша вақтнинг ўзида Ланчжоу эркин иқтисодий зонасида «Ўзтемирйўлконтейнер»нинг йиғиш (консолидация қилиш) пункти ишга туширилди. Компания раҳбари Мирзиёд Мирхамидов Gansu International Logistics билан Қирғизистон ва Ўзбекистон ҳудудлари орқали Тожикистон ҳамда Туркманистонга транзит ташувларни ташкил этиш бўйича келишувга эришган.
