Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманидаги хонадонларнинг бирида ёнғин юз берди. Унинг оқибатида 3 киши ҳалок бўлди, 1 киши жароҳатланди. Бу ҳақда «Миллар» кўрсатуви маълум қилди.

Ёнғин ҳақидаги хабар Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бош бошқармасига 16 февраль куни соат 20:51 да келиб тушган.

Хабарга асосан ёнғин қутқарув экипажлари айтилган манзилга 20:54 да етиб бориб, ёнғин 21:29 да қушиб олинган ва 21:38 да ўчирилган.

Ёнғин ўчирилганидан сўнг манзилда уч нафар фуқаронинг жасади аниқланган. Шунингдек, бир нафар фуқаро тез тиббий ёрдам ходимларига топширилган.

«Миллар» кўрсатуви хабарига кўра, вафот этганлар она ва унинг вояга етмаган икки фарзанди бўлган.

«Келинимиз билан иккита жиянларимиз хонада чиқа олмай қолиб кетишибди. Кира олмадик. Ёнғин сабабли қўшни томонидан деворни бузиб кирдик охири. Кирганимизда кеч бўлган экан», — дейди гувоҳлардан бири.

Ҳолат бўйича терговга қадар суриштирув ишлари бошланган.

Аввалроқ Тошкентдаги Aviator савдо-кўнгилочар марказида содир бўлган ёнғин оқибатида тахминан 3 ёшда бўлган бола ҳалок бўлган эди.