• Пт. Апр 17th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Шавкат Мирзиёев Рамазон ойи муносабати билан халққа табрик йўллади


Шавкат Мирзиёев Рамазон ойи кириб келиши муносабати билан Ўзбекистон халқига табрик йўллади. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар берди.

Сўзи аввалида давлат раҳбари бу ойга тайёргарлик ишларига тўхталди: маҳалла ва уй-жойлар, масжид ва мадрасаларни обод қилиш, кекса, ногирон ва ёрдамга муҳтож шахсларнинг ҳолидан хабар олиш, қўшнилар, яқин қариндошларга меҳр ва эътибор кўрсатиш, ибодат ва ифтор маросимларини тартибли ўтказишга хонадон ва маҳалла аҳллари, жамоатчилик вакиллари тарафидан алоҳида аҳамият берилмоқда.

«Буларнинг барчаси бебаҳо бойлигимиз бўлган тинчлик-осойишталик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитини, инсонпарварлик тамойилларини мустаҳкамлаш, юртимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлигини оширишга хизмат қилиши табиий, албатта», — деди у.

Президентнинг таъкидлашича, кейинги йилларда инсон қадрини, ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, ижтимоий адолат Ўзбекистонда давлат сиёсати даражасига кўтарилди ва халқ ҳаёти тубдан ўзгарди.

2026 йил «Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили» деб эълон қилинганига урғу берилди. Жамиятни юксалтириш асоси маҳалладир. Чунки маҳаллада ўсиш ва ўзгариш бўлса, бутун жамият ривожланади. Маҳаллаларимизнинг ютуғи ва фаровонлиги пировард натижада бутун жамиятнинг ютуғи ва фаровонлиги сифатида намоён бўлади, деди Шавкат Мирзиёев.

Шунингдек, мамлакатда ислом дини ва маданияти равнақига ҳисса қўшган алломаларнинг қадамжоларини обод қилиш, илмий меросини тиклаш ва ўрганиш, халқ, айниқса, ёшлар ўртасида тарғиб этиш бўйича кўпгина ишлар олиб борилгани билдирилди.

Унинг фахр билан айтишича, ноёб меъморий лойиҳалар асосида Тошкент шаҳрида — Ислом цивилизацияси маркази, Самарқандда эса муҳаддис Имом Бухорий мажмуасини бунёд этиш ишлари якунига етказилди.

Рамазон ойи режалари қаторида ана шу масканларда азиз-авлиё ва алломалар хотирасига эҳсон дастурхонлари ёзиб, муқаддас зиёратгоҳлар эшикларини халқ учун кенг очиш борлиги таъкидланди.

Афсуски, ҳозирги вақтда жаҳоннинг турли минтақаларида уруш ва жанжаллар давом этмоқда. Пок ниятлар қабул бўладиган ушбу муборак айёмда низо ва адоватлар барҳам топиб, тинчлик, ўзаро ишонч ва ҳамкорлик алоқалари қарор топишини чин дилдан истаб қоламиз, деди президент.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *