Санкт Петербургда бинодан йиқилаётган болани қутқариб қолган ўзбекистонлик Хайрулло Ибодуллаев Тигран Кеосаян номидаги мукофотга сазовор бўлди, деб хабар бермоқда RT телеканали.
«Бир миллион рубль (13 минг доллар) миқдоридаги мукофот пули Ибодуллаевнинг ҳисоб рақамига ўтказиб бўлинди. У пулларни Ўзбекистондаги оиласига — отасини даволатиш ва уй қуриш учун юбормоқчи», — дейилади хабарда.
Воқеа бир кун аввал содир бўлган: бола еттинчи қаватдан тушиб кетган, эркак эса уни тутиб қолган. Ўша вақтда боланинг онаси уйда, бошқа хонада бўлган, деразаларга эса махсус ҳимоя мосламалари ўрнатилмаган эди.
«Россия сегодня» халқаро медиагуруҳи ва RT телеканали бош муҳаррири Маргарита Симоньян ўзининг марҳум турмуш ўртоғи номидаги мукофотни февраль ойи бошида таъсис этган ва мукофот соҳибларини Симоньяннинг ўзи танлайди.
Масалан, бу мукофотни биринчи бўлиб Оренбург вилоятининг Бугуруслан шаҳридаги боғча тарбиячилари қўлга киритган — улар болаларни пичоқ билан қуролланган шахсдан ҳимоя қилганди.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев 36 ёшли Хайрулло Ибодуллаевни «Жасорат» медали билан мукофотлаганди.
Ибодуллаев Санкт Петербургга Ўзбекистондан тўрт ой аввал келгани айтилади. Унинг тўрт нафар фарзанди ва бемор ота-онаси Ўзбекистонда қолган. Эркак уларни таъминлаш учун ишлаётганини, шунингдек, автомобиль сотиб олишни орзу қилишини айтган.
