23 февраль куни энергетика соҳасидаги лойиҳалар бўйича ўтказилган йиғилишда президент Шавкат Мирзиёев энергия самарадорлигини ошириш масаласиига тўхталди.
Давлат раҳбари энергия самарадорлиги борасида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар ҳали кўп эканини қайд этди. Хусусан, 2026 йилда 4 млрд 378 млн кВт/соат электр энергияси, 2 млрд 840 млн куб метр табиий газ тежалиши учун тизимли ва манзилли чоралар кўриш зарур.
Йирик корхоналарда ишлаб чиқариш ҳажмини ўзгартирмаган ҳолда энергия сарфини камида 10 фоизга камайтириш, тармоқлар ва ижтимоий объектларда энергия самарадорлигини ошириш учун 200 млн доллар ресурс жалб этиш чоралари белгиланди.
Ҳудудларда иссиқлик ва когенерация марказларини қуриш дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди. Жумладан, Тошкент шаҳрининг ҳар бир туманида биттадан когенерация марказини ташкил этиш ишлари давом эттирилади, Юнусобод тажрибаси асосида ҳудудларда 7 та когенерация марказлари қурилади.
Иссиқлик станциялари куз-қиш мавсумида барқарор ишлашини таъминлаш мақсадида улар учун суюлтирилган газни сақлаш инфратузилмасини барпо этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш топширилди.
Давлат раҳбари, шунингдек, стратегик лойиҳаларни ўз вақтида ишга тушириш, магистрал ва тақсимловчи тармоқларни жадал ривожлантириш, энергия самарадорлигини ошириш юзасидан қўшимча топшириқлар берди.
