2025 йилда болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари юзасидан 19 та жиноят иши ва 26 та маъмурий иш қўзғатилган. Бу ҳақда Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Сурайё Раҳмонова Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 24 февраль кунги йиғилишида маълум қилди.
Омбудсман 2025 йилда давлат органлари томонидан бола ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши юзасидан маърузаси қилар экан, жумладан, ҳисобот даврида келиб тушган мурожаатлар статистикасига тўхталди.
Маълум қилинишича, 2025 йилда Ўзбекистон фуқаролари, чет эл фуқаролари ва омбудсманлари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, жамоат ташкилотлари ва бошқа юридик шахслардан Бола ҳуқуқлари бўйича вакил номига жами 1934 та мурожаат келиб тушган. 42 та мурожаат бевосита болалар томонидан йўлланган. Шунингдек, 141 та фуқароларнинг мурожаатлари шахсий қабул вақтида кўриб чиқилган.
«Мурожаатлар таҳлили ва мониторинг фаолияти асосида бола ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилишига йўл қўйилгани юзасидан жами 36 та таъсир ҳужжати — 2 та огоҳлантириш, 6 та тақдимнома, 25 та хулоса ва 3 та суд ҳужжати устидан протест келтириш тўғрисида илтимоснома киритилган. Мурожаатларни ўрганиш асосида болаларга нисбатан содир этилган зўравонлик ҳолатлари юзасидан 19 та жиноят иши ҳамда 26 та маъмурий иш қўзғатилган», — дейилади омбудсман маърузасида.
Вакилнинг қўшимча қилишича, ўтган даврда жами 403 млн 745 минг сўмлик алимент қарздорлиги ундиришга кўмаклашилган. 52 нафар етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум болаларга ID карталарни бепул расмийлаштиришда амалий ёрдам кўрсатилган.
