Андижон вилоятида пиёдалар ўтиш жойидан ўтаётган 9 ёшли бола «Зил» юк машинаси уриб кетиши оқибатида вафот этди. Бу ҳақда вилоят ЙҲХБ хабар қилди.

Ҳодиса 24 февраль куни соат 15:56 ларда Балиқчи тумани «Эски Марказ» МФЙ ҳудудидан ўтган D-105 автомобиль йўлининг Фарғона ҳалқа йўлининг 103-километрида содир бўлган.

Унда 2002 йилда туғилган ҳайдовчи ўзининг «Зил 130» русумли юк транспорт воситасини бошқариб келаётиб, олдинда тартибга солинган чорраҳадаги пиёдалар ўтиш жойидан югуриб ўтаётган пиёда, 2017 йилда туғилган Ҳ.М.ни уриб юборган. Шунингдек, руль бошқарувини йўқотиб, чорраҳада тўхтаб турган Cobalt билан тўқнашган.

ЙТҲ оқибатида вояга етмаган пиёда олган шифохонада кўрсатилган тиббий муолажаларига қарамасдан вафот этган.

Ҳолат юзасидан Балиқчи тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси ходимлари томонидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (Одам ўлимига сабаб бўлган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.