Тошкент марказида BMW M4 автомобилида ЙПХ инспекторини уриб юборган 16 ёшли ўсмирнинг ҳаракатларида автомобилни олиб қочиш ва ўлимга сабаб бўлган қасддан оғир тан жароҳати етказиш белгилари борлиги аниқланди. Бу ҳақда терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида тўпланган маълумотларга таяниб, Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.
Шу муносабат билан йигит Жиноят кодексининг 267-моддаси 1-қисми (транспорт воситасини олиб қочиш — 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади) ва 104-моддаси 3-қисми «д» банди (жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлган қасддан баданга оғир шикаст етказиш — 8 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади) бўйича гумонланувчи сифатида жиноят ишига жалб қилинди.
Мактабнинг 10-синф ўқувчиси бўлган ўсмир Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддаси (жиноят содир этишда гумон қилинувчи шахсни ушлаб туриш асослари) тартибида қўлга олинди.
Тергов ҳаракатлари Бош прокуратура томонидан алоҳида назоратга олинган. Маҳкама «тергов ҳаракатлари ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона ўтказилиб, айбдор шахсга нисбатан жазо муқаррарлигини» таъминлашга ваъда берди.
Йўл ҳаракати қоидаларининг кўплаб бузилиши ва видеоларнинг интернетда эълон қилиниши
Бош прокуратура гумонланувчи муқаддам «жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи» ЙҲҚ қоидабузарликларини мунтазам равишда содир этиб келганини қайд этган. Хабарда айтилишича, у автомашина овозини ноқонуний равишда кучайтириб, мигалка ва сиреналар ўрнатган. Шунингдек, қоидабузарликлар акс этган видеоларни Instagram ва бошқа ижтимоий тармоқларга жойлаштириб келган.
9 январь куни мактаб ўқувчиси бошқа бир автомобиль — рақамсиз BMW X5’да ЙПХ ходимларининг тўхташ ҳақидаги талабига бўйсунмаган (ушбу воқеа видеоси ҳам жамиятда катта резонанс келтириб чиқарган). Ушбу ҳолатдан сўнг суд қарори билан унинг отаси Зафаржон Кучкунов Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддаси (Болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик) бўйича жаримага тортилганди.
Бош прокуратуранинг қайд этишича, 25 февраль куни соат тахминан 21:30 ларда ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган ўсмир танишининг опасига тегишли автомобиль автомойкада турганини билиб қолган ва уни олиб қочган, шундан сўнг ЙТҲ содир этган.
Gazeta ёзганидек, соат тахминан 21:45 ларда ЙПХ инспектори — кичик сержант Ҳосилбек Эшназаров рация орқали Нукус кўчасида ЙҲҚни қўпол равишда бузиб ҳаракатланаётган автомобиль ҳақида хабар олган.
Бош прокуратура хабарида айтилишича, инспектор пиёдалар ва бошқа ҳаракат иштирокчилари хавфсизлигини таъминлаш мақсадида транспорт оқимини тўхтатиш ишорасини берган. Бошқа автомобиллар тўхташни бошлаган, бироқ ўсмир бир қатордан бошқасига манёвр ҳаракатларини амалга ошириб, ЙПХ ходимини уриб юборган.
Инспектор ҳаёт учун хавфли бўлган оғир жароҳатлар олган. У 27 февраль куни ҳушига келмай вафот этди.