Эрон ҳукумати шанба куни АҚШ ва Исроилнинг қўшма ҳужуми оқибатида олий раҳнамо Али Хоманаий ҳалок бўлганини расман тасдиқлади.

«Ислом инқилобининг улуғ раҳнамоси оятуллоҳ Хоманаий шаҳид бўлди», — дейилади IRNA ахборот агентлиги хабарида.

Али Хоманаийнинг маслаҳатчиси Муҳаммад Мухбирнинг маълум қилишича, ўтиш даврида масъулиятни президент, суд ҳокимияти раҳбари ва Конституция посбонлари кенгашининг фақиҳларидан (илоҳиётчи ҳуқуқшуносларидан) бири ўз зиммасига олади.

Аввалроқ Эрон олий раҳнамосининг ҳалок бўлгани ҳақида АҚШ президенти Дональд Трамп маълум қилган эди. У ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида Али Хоманаий Исроил билан яқин ҳамкорликда ҳаракат қилган АҚШ разведкаси ва юқори технологияли кузатув тизимларидан «қочиб қутула олмаганини» ёзиб қолдирди.

Дональд Трамп содир бўлган воқеани «Эрон халқи учун ўз мамлакатини қайтариб олишнинг ягона ва энг буюк имконияти» деб атади.

Али Хоманаий 86 ёшда эди. У 1989 йилдан буён мамлакат олий раҳнамоси лавозимида ишлаб келаётганди. 1981−1989 йилларда эса Эрон президенти бўлган.