Ўзбекистоннинг Бирлашган Араб Амирликларидаги элчихонаси мамлакатда бўлиб турган ватандошларга мурожаат билан чиқди, деб хабар бермоқда «Дунё» ахборот агентлиги.
Минтақадаги вазиятнинг кескинлашуви ҳамда ҳаво ҳудудидан фойдаланишга, жумладан БАА ҳудуди устида ҳам вақтинчалик чекловлар жорий этилгани муносабати билан, яқин кунларда Ўзбекистон авиакомпанияларининг Яқин Шарқнинг қатор мамлакатларига мунтазам авиақатновлари вақтинча тўхтатилди.
БАА ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларига ўз рейслари ҳолати бўйича авиаперевозчиларнинг расмий хабарларини доимий равишда кузатиб бориш, яқин муддатда жадвалда бўлиши мумкин бўлган ўзгариш ва тузатишларни инобатга олиш тавсия этилди.
Фуқаролардан шахсий хавфсизликни таъминлаш мақсадида қуйидагиларни сўралмоқда:
- имконият қадар одамлар гавжум жойлардан сақланиш;
- ҳарбий ва бошқа стратегик объектларга яқинлашмаслик;
- БАА ваколатли органларининг талаб ва тавсияларига қатъий риоя қилиш;
- хотиржамликни сақлаш ва фақат расмий маълумотларга таяниш.
«ОАВ ва ижтимоий тармоқларда турли хил маълумотлар тарқалаётгани муносабати билан, фақат текширилган расмий манбалардан фойдаланиш ва тасдиқланмаган ахборотларни тарқатмаслик ҳамда юборишдан тийилишни қатъий тавсия этамиз», — дейилади хабарда.
Фавқулодда вазият юзага келган тақдирда қуйидаги ишонч телефонларига мурожаат қилиш мумкин:
- Ўзбекистоннинг Дубай шаҳридаги Бош консулхонаси:
+971 55 986 9040, +971 55 956 4110.
Шунингдек, минтақадаги вазиятнинг кескинлашуви муносабати билан Иордания ва Баҳрайн ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларидан шахсий хавфсизлик чораларига алоҳида эътибор қаратишлари сўралди.
Хусусан, аҳоли гавжум жойлар ва оммавий тадбирлардан узоқроқ юриш, ҳарбий объектлар жойлашган ҳудудларга яқинлашмаслик, маҳаллий ҳокимият органларининг хавфсизлик масалалари бўйича кўрсатмаларига қатъий риоя қилиш, шунингдек, шахсни тасдиқловчи ҳужжатларни доимо ёнингизда олиб юришни тавсия этилди.
Зарур ҳолларда Ўзбекистоннинг Ар-Риёд шаҳридаги дипломатик ваколатхонасига мурожаат қилиш мумкин:
- Телефон: +966 11 263 52 23;
- Фавқулодда ҳолатлар учун: +966 56 721 77 31 (telegram, WhatsApp).
«Барчани эҳтиёткорликка, тинчлик ва хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя қилишга чақирамиз», — дейилади хабарда.
- Шанба куни эрталаб АҚШ ва Исроил Эрон ҳудудига зарбалар берди, портлашлар Теҳрон ва яна бир қанча шаҳарларда қайд этилди. Исроил Мудофаа армияси маълумотларига кўра, ҳарбий объектлар нишонга олинган. CNN манбаларига таяниб ёзишича, Исроил ҳарбийлари ҳаво ҳужумлари давомида Эрон олий раҳбари Али Хоманаий, президент Масуд Пезешкиён ва бошқа мулозимларни йўқ қилишга уринган.
- Эрон АҚШ ва Исроилнинг ҳужумига жавобан Исроил ҳудудига зарбалар берганди, шунингдек, АҚШнинг Қатар, Кувайт, БАА ва Баҳрайндаги ҳарбий базаларига ҳужум қилди. Портлашлар Доҳа, Дубай, Абу Даби, шунингдек, Ар-Риёд шаҳарларида янгради.
- Ташқи ишлар вазирлиги Эронда жабрланганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари йўқлигини маълум қилди. Теҳрондаги дипломатик ваколатхонага кўра, ҳозирда мамлакатда жами 81 нафар ўзбекистонлик бўлиб турибди.
