28 февраль куни Қатар ҳаво ҳудудининг вақтинча ёпилиши оқибатида Тошкентга қайтаётган 48 нафар ўзбекисонлик Доҳа аэропортида қолиб кетди, дея хабар бермоқда «Дунё» ахборот агентлиги.

ҚАйд этилишича, авиакомпаниялар фавқулодда вазият сабаб йўловчиларни меҳмонхона билан таъминлай олмаган. Шундан кейин Доҳадаги Ўзбекистон элчихонаси ходимлари зудлик билан аэропортга етиб борган.

Музокаралар натижасида фуқаролар, жумладан, ижтимоий тармоқлар орқали ёрдам сўраган ватандошлар вақтинчалик меҳмонхоналарга жойлаштирилган.

Дипломатик ваколатхона маълумотларига кўра, Яқин Шарқдаги сўнгги воқеалар муносабати билан Қатарда бўлиб турган 600 га яқин Ўзбекистон фуқароси орасида жабрланганлар аниқланмади.

«Қатар ҳаво ҳудуди очилиб, парвозлар тикланиши билан фуқароларимизнинг Ватанга хавфсиз қайтиши таъминланади. Вазият элчихонанинг доимий назоратида бўлиб, йўловчилар рўйхати мунтазам янгилаб борилмоқда», — дейилади хабарда.

Элчихона фуқароларни ваҳимага тушмасликка, фақат расмий манбаларга таянишга ҳамда хавфсизлик юзасидан одамлар гавжум жойлардан сақланиб, маҳаллий қонун-қоидаларга амал қилишга чақирди.

Мурожаат учун элчихона консули Отабек Муратов билан боғланиш мумкин: +974 5141 1001.

  • Шанба куни эрталаб АҚШ ва Исроил Эрон ҳудудига зарбалар берди, портлашлар Теҳрон ва яна бир қанча шаҳарларда қайд этилди. Исроил Мудофаа армияси маълумотларига кўра, ҳарбий объектлар нишонга олинган. CNN манбаларига таяниб ёзишича, Исроил ҳарбийлари ҳаво ҳужумлари давомида Эрон олий раҳбари Али Хоманаий, президент Масуд Пезешкиён ва бошқа мулозимларни йўқ қилишга уринган.
  • Эрон АҚШ ва Исроилнинг ҳужумига жавобан Исроил ҳудудига зарбалар берганди, шунингдек, АҚШнинг Қатар, Кувайт, БАА ва Баҳрайндаги ҳарбий базаларига ҳужум қилди. Портлашлар Доҳа, Дубай, Абу Даби, шунингдек, Ар-Риёд шаҳарларида янгради.
  • Яқин Шарқдаги вазият кескинлашгани сабабли Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги минтақадаги фуқаролар учун тавсияларни, шунингдек, дипломатик ваколатхоналар билан боғланиш учун тезкор алоқа рақамларини эълон қилди.
  • Ўзбекистоннинг БАА, Баҳрайн ва Иорданиядаги элчихоналари фуқароларни хавфсизлик чораларини кўришга чақирди. Хусусан, ҳарбий объектларга яқинлашмаслик, гавжум жойлардан сақланиш, ваколатли органларининг талаб ва тавсияларига риоя қилиш, шахсни тасдиқловчи ҳужжатларни олиб юриш тавсия этилмоқда.