Исроил Мудофаа армияси (ЦАХАЛ) 28 февраль куни Эронга берилган биринчи зарбалар давомида Эрон ҳарбий раҳбариятининг 40 нафар «асосий» қўмондонини, жумладан, Эрон Қуролли кучлари бош штаби бошлиғи Абдулраҳим Мусавийни йўқ қилганини маълум қилди.

ЦАХАЛ Мусавийнинг биринчи зарбалар чоғида ўлдирилганини ҳозирда тасдиқлаши мумкинлигини билдирмоқда. Мусавий 2025 йил июнь ойидаги уруш пайтида Исроил зарбалари натижасида ҳалок бўлган Муҳаммад Бағерийнинг ўрнини эгаллаганди.

Ҳарбийларнинг таъкидлашича, Мусавий «Эрон хавфсизлик аппаратини бошқариш ва операция давомида Исроил тинч аҳолисининг ўлимига сабаб бўлган, Исроил ҳудудига йўналтирилган юзлаб баллистик ракеталарнинг учирилишини назорат қилиш» учун масъул бўлган.

Билдирилишича, «Эрон хавфсизлик раҳбариятининг энг юқори мартабали ҳарбий мулозимларининг аксарияти ЦАХАЛ томонидан йўқ қилинган». Юқорида айтилган 40 қўмондон номма-ном келтирилмаган.

Аввалроқ Эрон мудофаа ва хавфсизлик тизимининг йўқ қилинган раҳбарлари сифатида Исроил армияси қуйидаги номларни кўрсатиб ўтганди:

абдулраҳим мусавий, цахал, эрон

  • Азиз Носирзода — мудофаа вазири;
  • Муҳаммад Широзий — олий раҳнамо Али Хоманаийнинг ҳарбий бюроси раҳбари;
  • Али Шамхоний — олий раҳнамонинг хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси ва Мудофаа кенгаши котиби;
  • Муҳаммад Пакпур — Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) қуруқликдаги қўшинлари қўмондони;
  • Ҳусайн Жабал Амелиан — SPND (Мудофаа инновациялари ва тадқиқотлари ташкилоти — Эрон ядровий дастури билан боғлиқ ташкилот) раиси;
  • Ризо Музаффари Ния — SPND ташкилотининг собиқ раиси;
  • Солеҳ Асадий — «Хатам ал-Анбия» марказий қароргоҳининг разведка бошқармаси бошлиғи.

Эрон расмийлари Исроилнинг зарбалари оқибатида қанча ҳарбий ҳалок бўлганини ҳозирча маълум қилмаган.

Бундан ташқари, ОАВ Эрон собиқ президенти Маҳмуд Аҳмадинажод ҳам АҚШ ва Исроилнинг Эронга қилган ҳужумлари оқибатида ўлдирилганини хабар қилган.

Аввалроқ Эрон Қизил ярим ой жамияти мамлакатга қилинган илк ҳужумлар оқибатида 201 киши ҳалок бўлгани, 747 киши жароҳатлангани ҳақида хабар берганди. Бу зарбалар ЦАХАЛ тарихидаги энг йирик ҳаво операцияси бўлгани ва 200 га яқин қирувчи самолёт иштирок этганини эълон қилган.

BBC нашрининг Эрон расмийларига таяниб ёзишича, биргина мамлакат жанубидаги мактабга берилган зарба оқибатида камида 148 киши ҳалок бўлган.