• Сб. Мар 7th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Форс кўрфази давлатлари Эронни жиддий огоҳлантирди


Форс кўрфази араб давлатлари, Иордания ва Сурия БМТ Хавфсизлик кенгашига Эроннинг ўз ҳудудларига уюштирган ракета ҳужумларини қоралаб, улардан бирига қилинган ҳужум бутун минтақа хавфсизлиги ва барқарорлигига таҳдид эканини маълум қилди. Бу ҳақда Arab News хабар берди.

Таркибига БАА, Саудия Арабистони, Ўмон, Қатар, Қувайт ва Баҳрайн кирувчи Форс кўрфази ҳамкорлик кенгаши (Gulf Cooperation Council, GCC), шунингдек, Иордания ва Сурия номидан баёнот берган Баҳрайннинг БМТдаги элчиси Жамол Фарес Алроваий шундай деди: «Ушбу ҳужумлар суверенитетимиз ва ҳудудий яхлитлигимизнинг очиқдан-очиқ бузилишидир ҳамда бутун минтақа хавфсизлиги ва барқарорлигига таҳдид солади».

Унинг қўшимча қилишича, зарбалар оқибатида тинч аҳоли вакиллари жароҳатланган, камида бир киши ҳалок бўлган, инфратузилмага зарар етган, авиақатновлар издан чиққан ҳамда Ҳурмуз бўғози орқали денгиз қатновига хавф туғилган.

Элчи содир бўлган воқеалар учун тўлиқ масъулиятни Эрон зиммасига юклади: «Ушбу қўрқоқларча қилинган ҳаракатларни оқлаб бўлмайди ва уларни халқаро ҳуқуқ ёки БМТ Низоми билан асослаб беришнинг иложи йўқ».

Алроваий ҳужумга учраган мамлакатлар БМТ Низомига мувофиқ ўзини ҳимоя қилиш, ҳудудлари, аҳолиси ва миллий манфаатларини асраш учун мутаносиб равишда жавоб қайтариш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолишини алоҳида таъкидлади.

Шунингдек, у минтақа ҳудудларидан низони авж олдириш майдони сифатида фойдаланишдан огоҳлантирди ва Форс кўрфази давлатлари ҳамда Иордания аввалроқ Эрон билан мулоқот ўрнатиш учун ҳаракат қилганини эслатиб ўтди.

Алроваий БМТ Хавфсизлик кенгашини ҳужумларни қораловчи қатъий позиция эгаллашга, воқеалар такрорланишининг олдини олишга ҳамда инқирозни жиловлаш ва халқаро тинчликни сақлаш учун зудлик билан чоралар кўришга чақирди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *