Ушбу шарҳ «Ўзгидромет»нинг қисқа ва ўрта муддатли об-ҳаво прогнозлари асосида тузилган бўлиб, у бевосита об-ҳаво прогнози эмас.
Бу каби шарҳлар об-ҳаво бюроларининг прогнозларидаги рақамлар, ҳодисаларни оддий тилда тушунтириш имконини беради. Айрим нуқталарда «Ўзгидромет» ҳали тақдим этишга улгурмаган ахборотлар халқаро об-ҳаво прогнози марказларининг маълумотлари билан тўлдирилган — бу ҳам прогнозларни шарҳлаш амалиётида тасдиқланган самарали усулдир.
Жорий ҳафта об-ҳавосини баҳор бошларига хос беқарор об-ҳаво муҳитига қиёслаш мумкин. Жорий ҳафта кунлари жанубий ҳудудлардан минтақага жуда катта қувватда бўлмаса ҳам, тинимсиз ёғингарчиликларни олиб келувчи нам ҳаво оқимлари кириб келиши ойдинлашмоқда.
Илиқ фронтлар ўз ортидан жанубдан нам ҳаво оқимлари серияларининг минтақага кириб келишини таъминлайди. Бухоро ва Навоий вилоятларида дам олиш кунларигина ёғингарчилик бўлмаслиги мумкин. Тунги ҳарорат шимол, тоғ ва Навоий, Бухоро вилоятларини ҳисобга олмаса, ўрта ҳисобда +1…+6 даража оралиғида, кундузги ҳарорат қийматлари эса +10…+15 даража оралиғида илиқ бўлади.
Бир сўз билан айтганда, жорий ҳафта об-ҳавоси баҳор бошларига хос бўлиб, Навоий, Бухоро ҳудудлари ва айрим тоғ этакларидаги ҳудудларни ҳисобга олмаса, наботот оламига кучли совуқ уриш билан боғлиқ хавфларни тақдим этмайди.
Манба: Meteoinfo.ru
Ўзбекистоннинг катта қисмида иш ҳафтаси ҳарорати март ойи бошларига, жанубий вилоятларида ой ўрталарига хос об-ҳаво муҳити остида ўтиши ойдинлашмоқда. Хорижий об-ҳаво бюроси маълумотларида ҳам жорий ҳафтанинг иш кунлари Ўзбекистоннинг катта қисмида ўртача ҳарорат шу даврга хос кўп йиллик иқлимий меъёрдан нақ 0−3 даражагача четлашиши келтирилган. Жанубий вилоятларда бу қиймат меъёрдан 6 даражагача юқори четлашишга эга. Яъни Ҳисор тоғ этакларида жорий ҳафта иш кунлари анчайин иссиқ бўлиши тахмин қилиняпти.
Манба: Meteoinfo.ru
«Ўзгидромет»нинг ҳафта кунлари учун тузган прогнозларига кўра, ҳафта давомида шимолий ҳудудларда деярли ёғингарчилик бўлмаслиги, Бухоро, Навоий вилоятларида эса дам олиш кунларидан ташқари республика бўйлаб ҳафта давомида деярли ҳар куни ёғингарчилик кутилмалари бор. Ёғинлар узилишлар билан кўплаб текислик ҳудудларда асосан ёмғир кўринишида ёғади.
Синоптиклар ҳафта давомида ҳарорат режимини шимол ва тоғли ҳудудлардан ташқари тун ва тонгги муддатларда ҳам ноль даражадан бироз юқори, яъни +1…+6 даража илиқ, кундузлари +10…+15 даража илиқ бўлиши, жанубий ҳудудларда +18 даражагача кўтарилишини маълум қилган. Ҳафта бошларида Бухоро ва Навоий вилоятларида бошқа ҳудудларга нисбатан бироз паст ҳарорат кутилади. Шимол ва тоғли ҳудудларда эса кечалари -3 даражагача совуқ, кундузлари +10 даражадан паст ҳарорат бўлиши мумкин. Чоршанба айрим ҳудудларда кучли шамоллар бўлиши эҳтимоли бор.
«Ўзгидромет»нинг бошқа бир ахбороти ҳамда Европа ўрта ва узоқ муддатли об-ҳаво прогноз маркази (ECMWF)нинг прогнозларига кўра, жорий ҳафта асосий қишлоқ хўжалиги ер майдонлари ва аҳоли зич истиқомат қилувчи вилоятларда ҳафталик ҳарорат кўп йиллик иқлимий меъёрдан 3−6 даража иссиқ, шимол ва Қизилқум чўлларида меъёрдан 1−3 даража совуқ бўлиши, ёғингарчилик кесимида қишлоқ хўжалик ер майдонлари катта ҳудудларда ёғинлар кўпроқ бўлиши ойдинлашган.
Манба: ECMWF

Шундай қилиб, ҳафта давомида аҳоли ҳудудларда деярли ҳар куни ёғингарчиликларга — ёмғир ёғишларига гувоҳи бўлади.
Ҳарорат режими ва тез ўзгарувчан об-ҳаво муҳитининг инсон саломатлигига таъсири
Ҳафта давомида атмосфера босими нормал атмосфера босимига жуда яқин қийматларни тақдим этгани учун қон босими мавжуд беморлар айни об-ҳаво ўзгаришларидан таъсирланмайди. Ҳафта давомида жуда кўп булутли кунлар кузатилиши, бунда аҳолиси зич истиқомат қилувчи вилоятларда аҳоли бахт гормони бўлмиш серотонин етишмаслиги билан тўқнашади.
Биоиқлимий шароитлар. Ҳафта давомида шимолликлар ва тоғликларни ҳисобга олмаса, республика аҳоли тунда ва кундузлари ҳам совуқлик шароитини ҳис этади. Бу каби муҳит кишиларни қалинроқ кийимлар кийиб юришга, ҳафта давомида вақти-вақти билан ёғиши кутилаётган ёмғирли ҳаво эса соябонлар ва ёмғир сувини кам ўтказадиган қалинроқ кийимларни кийишга ундайди.
Космик таъсирлар. Якшанба куни Қуёш доғларида М ёки Х синф кучли чақнашлар кузатилмади. Шунинг учун ҳам халқаро геофизика марказлари келаётган 2 кунлик учун «яшил» хавф даражасидаги сокин геомагнит бўронлари бўлишини прогноз қилган.
Манба: Xras.ru
Қозоғистондаги Ионосфера институти прогнозлари халқаро ионосферани тадқиқ этадиган тузилмаларнинг прогнозини қўллаб-қувватлайди. Институт, душанбани ҳисобга олмаса, ҳафтанинг иш кунлари учун «яшил» хавф даражасидаги геомагнит бўрони қўзғалишларига ишора қилган.
Манба: Ionos.kz
Ҳозир дунёда магнит бўронларини икки кундан ортиқ давр учун ишончли прогноз қила оладиган восита ва усуллар мавжуд эмас. Шу боис магнит бўронларига таъсирчан кишилар ўз режаларини яқин икки кунлик магнит бўрони прогнози маълумотларига таяниб тузиши мақсадга мувофиқдир.
Об-ҳаво ўзгаришлари билан боғлиқ атмосфера ифлосланиши
Ўзбек синоптиклари ҳафта ўрталарида асосий текислик ҳудудларида кучли шамоллар бўлишига эътибор қаратмоқда. Айни ушбу ҳудудларда чоршанба куни чанг-тўзон ва чанг бўрони кўтарилиши мумкин. Аммо жорий ҳафта ёмғирли ўтишини ҳисобга олсак, чанг сабабли ҳавонинг ифлосланиши камроқ кузатилса керак.
Ҳавода ифлосланиш ортса ёки майда заррачалар билан боғлиқ ифлосланиш рўй берганида қандай ҳаракат қилиш бўйича Санитария-эпидемиология қўмитаси аҳолининг турли ёш қатламлари ва беморлар учун тайёрлаган тавсиялари билан танишиб қўйиш зарар қилмайди.
Шундай қилиб, 2−8 март кунлари оралиғида кишилар саломатлигига камроқ хавф туғдирувчи иқлимий ва космик муҳит ҳафтанинг деярли барча кунларига тўғри келмоқда.


