• Сб. Мар 7th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Баҳор об-ҳавоси қандай бўлади? Мартники-чи? – Ўзбекистон янгиликлари – Gazeta


2026 йил баҳорда қандай об-ҳаво кузатилади?

«Ўзгидромет» баҳор учун мавсумий об-ҳаво прогнозини ҳали тақдим этмади. Аммо Жаҳон метеорологик ташкилоти дунё бўйлаб келаётган март, апрель ва май ойлари учун маслаҳатомуз прогнозларни тақдим қилган. Унда Ўзбекистонда жорий баҳордаги мавсумий ҳарорат кўп йиллик иқлимий меъёрдан анча юқори, яъни иссиқ, ёғингарчилик кесимида эса бутун бошли мавсум анчайин қуруқроқ ўтиши ойдинлашмоқда. Хуллас, иссиқроқ ва қуруқроқ баҳорга гувоҳ бўламиз.

Март ойи прогнози (аввал бироз тарихий рақамлар)

Ўзбекистонда март баҳор ойи бўлса ҳам, айни ушбу ойда олдинлари январь ва февралдаги каби -20 даражали совуқ ҳарорат тўлқинлари кўп бора қайд этилган. Фақат баҳорий совуқларнинг қиш совуқларидан фарқи улар узоқ муддат давом этмаслигида. 1954 йилнинг март бошларида Қорақалпоғистоннинг Қорақалпоқ шаҳарчасидаги метеорологик кузатув пунктида ҳаво ҳарорати нақ -37 даража совуққача пасайиб кетган. Бу ҳозирда мамлакат учун мартда қайд этилган мутлақ энг паст ҳаво ҳарорати қийматидир.

Шу билан бирга, айни иқлим ўзгариш даври, яъни сўнгги йилларда ушбу ойда воҳа томонларда +36 даража ва ундан юқори ҳароратнинг кузатилиши одатий ҳолга айланиб бормоқда. Масалан, Термизда 2018 йилнинг март ойида ҳаво ҳарорати +37,3 даражагача кўтарилган. Бир сўз билан айтганда, ушбу ойда кузатилган мутлақ максимал ва мутлақ минимал қийматлар бир рақамдан иборат: 37. Уларнинг олдидаги мусбат ва манфий ишоралар ой давомида кузатилган минимум ва максимал қийматларда акс этади.
баҳор об-ҳавоси, март ойи, об-ҳаво, эркин абдулаҳатов

«Ўзгидромет» ўзининг март ойи учун тақдим этган маслаҳатомуз об-ҳаво прогнозларида ойнинг иссиқ ёки совуқ, қуруқ ёки нам келиши билан боғлиқ кутилмаларини тақдим этмаган бўлса-да, агентлик хабарида ой давомида ҳароратнинг кескин пасайиб кетиши билан боғлиқ аномал совуқлик кутилмаларига ишоралар йўқлигини сезиш мумкин.

Шунга қарамай, агентликнинг ойлик прогноз хабарида ойнинг биринчи ўн кунлик бошидан охиригача ёғингарчилик даврий бўлиб, текисликларда танаффус билан ёмғир, тоғларда ёмғир ва қор ёғиши кутилмоқда. Ҳаво ҳарорати 10−15 даража илиқ атрофида (иқлим меъёрига мос), айрим кунлари 6−9° илиққача пасайиши мумкинлиги келтирилган. Мартнинг иккинчи ва учинчи ўн кунликларида кечаси 3−8° дан 8−13° илиққача, кундузлари 12−17° дан 23−28° илиққача ўзгариши кутилмоқда. Совишлар қисқа, исиш даврлари эса нисбатан давомий бўлиши қўшимча қилинган.

Ушбу хабар асосида ойнинг биринчи ярми ҳарорат режими бўйича меъёрий ва ундан бироз пастроқ бўлиши кутилмаси келиб чиқмоқда. Энди халқаро об-ҳаво прогноз марказлари, қўшни об-ҳаво бюро прогнозлари ҳамда турли минтақаларда узоқ муддат учун об-ҳаво ўзгаришларини ҳал этиб қўювчи дунёдаги 5 га яқин аломатдан келиб чиқиб, ойлик прогнозни тузишда чуқурроқ таҳлилларга таянамиз.

Ўзбекистонда ойлик ҳарорат ва ёғингарчиликларнинг ўзгаришида 3 та йирик феномен асосий бўлиб, мамлакатдаги ёғинларнинг ғарбий ва жанубий нам ҳаво оқимларининг қувватига бевосита боғлиқ. Ушбу нам ҳаво оқимларининг минтақага турли тартибда ва қувватда кириб келишида Шимолий Атлантика циркуляция фазалари, Ҳинд океани диполи ҳодисаси ҳамда Тинч океани марказидаги Эль-Ниньо ва Ла-Нинья ҳодисалари шаклланиши ҳал қилувчи мезондир.

Биринчи энг катта омил, доим таъкидлаб келганимиздек, Тинч океани марказидаги сув ҳароратининг исиш ва совиши билар боғлиқ ҳолатлар бўлиб, айни кунларда Тинч океанида Ла-Ниньянинг жуда «пассив» ҳолати кузатилмоқда. Яъни 27 февраль ҳолатига Тинч океани марказидаги сув ҳарорати кўп йиллик меъёрдан қарийб 0,5−0,7 даража совуқни ташкил этмоқда. Бундай ҳолатда азалдан бизнинг минтақа учун тўсатдан совуқ ҳаво оқимларининг кириб келиши ва қуруқ об-ҳаво муҳити кузатилиши одатий бўлган. Аммо жорий йил бу каби қоида у қадар ўтмишдаги каби ишламаяпти. Яъни минтақага намлик кириб келиши каби ҳодисалар ўтмиш Ла-Ниньялардаги каби табиатга эга эмас. Бунинг икки сабаби бор. Шимолий Атлантика циркуляция фазалари ҳамда Ҳинд океани диполи ҳодисалари…

Манба: NOAAМанба: NOAA

Ҳозирда Атлантика океани марказидаги Шимолий Атлантика циркуляция фазаси март ойи бошларида мусбат фазадан манфийсига ўтиш ҳолатида бўлиб турибди. Бу эса мартнинг биринчи ярмида минтақага намгарчиликларнинг кўпроқ кириб келишига ишорадир. Аммо ойнинг учинчи ўн кунлиги учун ундай деб бўлмайди. Чунки бу пайтга келиб Тинч океани марказидаги сув ҳароратининг нейтрал ҳолатга қайтиши ва Шимолий Атлантика циркуляциясининг мусбат фазага ўтиш кутилмалари сабабли мартнинг иккинчи ярмидан ёғингарчиликлар сериясидан ҳосил бўладиган ёғин қуввати минтақа учун қуруқроқ даврни тақдим этишини айтиб ўтиш мумкин.

Манба: Австралия об-ҳаво хизматиМанба: Австралия об-ҳаво хизмати

Сўнгги илмий тадқиқотларга кўра, минтақада куз-қиш мавсумидаги ёғин қувватини ҳал қилувчи аломатлардан яна бири Ҳинд океани шимолидаги сув ҳароратининг ўзгариш индексидир. Ушбу ҳодиса Ҳинд океани диполи деб аталиб, айни кунларда у нейтрал фазадан мусбат фазага ўтиш арафасида турибди. Ва бутун март давомида ушбу ҳодисанинг мусбат фазадаги ҳодисасига гувоҳ бўлишимиз билан боғлиқ прогнозлар тақдим этилмоқда. Бу каби ҳолат бизга жанубдан кириб келувчи нам ҳаво оқимлари қувватини кучайтириб бериш механизми бўлиб хизмат қилиши мумкин.

Юқоридаги уч индекатор минтақада ёғингарчилик режими учун ҳал этувчи омил бўлса, айни март бўлиб ҳам тўсатдан арктик совуқ ҳаво оқимларининг минтақага бостириб келиш ва уларнинг кучини чамалашда биз шимолий қутб доираси арктик минтақадаги ҳодисалар ҳолатига эътибор қаратишимиз лозим. Бу ҳақда Gazeta`нинг январь учун тузилган об-ҳаво прогноз шарҳида тўхталиб ўтганмиз.

Минтақа учун совуқ арктик ҳаво оқимлари кириб келишини таъминловчи индекаторлар қутбий стратосферанинг 30 км баландлигидаги ҳароратнинг кўп йиллик меъёрга нисбатан четлашиш аномалияси ҳамда айни шу ҳудуддаги баландлик бўйича вертикал кесмадаги қутбий уюрманинг ҳаракат тезлигига узвий боғлиқ. Айни кунларда қутбий уюрманинг ҳаракати жуда тез ва ҳатто стратосферадаги ҳарорат аномалияси ҳам исиш тамойилига эга. Бу каби вазият Шимолий Америка материги ҳамда Европа мамлакатлари учун март бошида совуқ ва қаҳратон қишли об-ҳаво муҳитини тақдим этиши ойдинлашмоқда. Бизнинг минтақа учун ушбу фактик ҳолат мартнинг учинчи ўн кунликларига қадар таъсир этиб, битта бўлса ҳам қисқа муддатли совуқ об-ҳаво кузатилиш эҳтимолини кучайтирмоқда.

баҳор об-ҳавоси, март ойи, об-ҳаво, эркин абдулаҳатов

Шундай қилиб, юқоридаги 5 аломат, дунёнинг турли об-ҳаво прогноз марказ маълумотлари ҳамда жорий мавсумга яқинроқ бўлган ўтмиш аналог йил маълумотлари асосида мартда кутилаётган ойлик ёғингарчилик ва ҳаво ҳароратининг кўп йиллик иқлимий меъёрдан четлашиш хариталарини тузиб чиқдик.

Унга кўра, март ойида ойлик ҳаво ҳарорати Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятлари катта қисмида иқлимий меъёрдан 1,5−2 даража иссиқроқ, водий ва Самарқанд вилоятининг катта қисмида меъёрдан 0,5−1 даража юқори, Жиззах, Сирдарё ва Тошкент вилоятлари катта қисмида меъёрий ҳарорат кутилиши аниқ бўлмоқда.

Бухоро, Навоий, Хоразм вилояти ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида жорий март бироз совуқроқ бўлиши ойдинлашмоқда. Тошкент вилоятининг текислик туманларида ҳам март бироз совуқроқ ўтиши мумкин. Об-ҳаво прогноз харитасидаги бу каби кўк рангли четлашишлар ойнинг биринчи ва иккинчи декадасида минтақага кириб келиши мумкин бўлган совуқ арктик ҳаво оқимлари сабаб шу каби совуқроқ муҳитни тақдим этиши мумкин. Ойнинг учинчи ўн кунлигида эса, менимча, ҳаво ҳароратининг сезиларли кўтарилиб кетиши билан боғлиқ кутилмалар бор.

Ёғингарчилик кесимида ой давомида кўплаб нам ҳаво оқимлари кириб келиши мумкин. Асосий ёғингарчликлар ойнинг биринчи ярмига хос. Уларнинг қуввати кириб келиш йўналишларидан келиб чиқиб, турлича тақсимотга эга. Хусусан, Қизилқум чўллари, Самарқанд, Тошкент, Қашқадарё вилоятлари катта қисмида меъёрдан анча кўп ёғингарчилик кузатилиши, тоғларга ҳам жуда кўп миқдорда ёғингарчилик (ёмғир-қор) тушиши мумкин.

Ой давомида нам ҳаво оқимларидан камроқ қувватда ёғингарчилик кузатилиши мумкин бўлган ҳудудлар Бухоро ва Сурхондарё вилоятларидир. Айни ушбу вилоятларда ёғинлар кўп йиллик иқлимий меъёрдан бироз камроқ кузатилиши тахмин қилинмоқда. Бир сўз билан айтганда, март ойида Сурхондарё ва Бухоро вилояти ҳудудларини ҳисобга олмаса, бошқа вилоятларда ёғингарчиликлар меъёр атрофида ва ундан кўпроқ кузатилиши келиб чиқмоқда.

Шундай қилиб, ойнинг биринчи ва иккинчи ўн кунлиги ҳаво нам ва бироз қисқа муддатли совуқликларни икор этмаган ҳолда мўтадил ва совуқроқ, учинчи ўн кунликда ёғингарчилик кесимида бироз қуруқроқ ва иссиқроқ бўлиши ойдинлашмоқда.

Март ойи ёғингарчилик кесимида, икки вилоятни ҳисобга олмаса, меъёр ва ундан кўпроқ намроқ, ҳарорат кесимида эса Қузилқум чўллари ва шимолда совуқроқ, бошқа ҳудудларда меъёрий ва бироз иссиқроқ бўлиши аниқ бўлмоқда.

Такрор бўлса-да, шуни яна бир бор таъкидлаш жоизки, узоқ муддатли, хусусан, ойлик ва мавсумий об-ҳаво прогнозларининг ўзини оқлаш даражаси анча паст. Баҳор-ёз мавсумида ҳар бир ой учун 70−80 фоиздан юқори аниқликда прогноз бера оладиган усуллар ҳозирча мавжуд эмас.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *