Дўстлик каналида 2025 йил декабрь ойида, тергов маълумотларига кўра, ИИБ ходими томонидан уриб юборилиб, сўнг сувга ташланган 43 ёшли эркакнинг жасади аниқланди. Бу ҳақда «Дарё» нашрига марҳумнинг қариндошлари хабар берган.
Яқинларининг сўзларига кўра, жасад 28 февраль куни соат тахминан 10:30 да топилган. «Акамнинг жасади бугун соат 10:30 ларда Дўстлик каналидан топилди. Қумга кўмилиб қолган экан», — деган марҳумнинг қариндоши Шаҳзод Умматқулов.
Унинг аниқлик киритишича, мурда ИИБ ходими ва унинг хотини сувга ташлаб юборган оқимнинг қуйи қисмидан топилган. Жасад сувга ташланган жойдан тахминан 4 км узоқликдаги юлғун буталари остидан топилган.
Аввалроқ Тошкент вилояти ҳокими кўмагида Дўстлик каналидаги сув оқими қисман тўсилиб, сув сатҳи туширилган эди. Қидирув ишларида ФВВ қутқарувчилари, маҳалла аҳолиси ва марҳумнинг қариндошлари — жами 150 нафарга яқин киши иштирок этган, аммо ўшанда жасад топилмаган.
Нима бўлган эди?
2025 йил 11 декабрь куни Бўка-Бекобод автомобиль йўлида Nexia-3 автомашинасини бошқарган ИИБ ходими 43 ёшли эркакни уриб юборган.
Kun.uz нашри ёзишича, у маст ҳолатда бўлган. Нашр маълумотларига кўра, ЙТҲдан сўнг у турмуш ўртоғига қўнғироқ қилиб, Matiz автомашинасида етиб келишини сўраган. Жабрланувчи Nexia’дан Matiz’га ўтказилиб, воқеа жойидан олиб кетилган. Тергов версиясига кўра, эркак автоҳалокат жойидан тахминан 35−40 км узоқликда жойлашган Дўстлик каналига ташлаб юборилган.
Жасад ҳодисадан 80 кун ўтиб топилди.
Туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш одам ўлишига сабаб бўлиши) ва 117-моддаси 2-қисми (Хавф остида қолдириш одам ўлишига сабаб бўлиши) билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчи қамоққа олинган.