2026 йил 1 март куни Эроннинг Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) АҚШнинг USS Abraham Lincoln авиаташувчисига 4 та баллистик ракета отилганини маълум қилди.
Теҳронда жойлашган Tasnim агентлиги хабарига кўра, ушбу зарбалар «Ҳақиқий ваъда – 4» амалиёти доирасида амалга оширилган. ИИҚК баёнотида айтилишича, Эрон қуролли кучларининг «қудратли зарбалари янги босқичга ўтган» ва «душман учун ер ва денгиз қабрга айланади».
ИИҚК якшанба куни «Ҳақиқий ваъда – 4» операциясининг еттинчи ва саккизинчи тўлқинлари бошланганини ҳам эълон қилди. Баёнотга кўра, бу ҳаракатлар АҚШ ва Исроил томонидан бошланган «агрессия»га жавоб сифатида амалга оширилмоқда.
Эрон томони Исроил ҳудудидаги ҳарбий объектларга, жумладан Тель-Авив ва Хайфа шаҳарларига аниқ зарбалар берилганини билдирган. Хабарларда айтилишича, хавфсизлик таҳдиди кучайгани сабаб Исроил расмийлари ерости бункерларига жойлашган.
ИИҚК баёнотида Ғарбий Осиёдаги АҚШ объектлари, жумладан Баҳрайндаги Бешинчи флот ҳам нишонга олингани қайд этилган. Шунингдек, Қатар ва БААдаги айрим ҳарбий инфратузилмаларга ҳам зарба берилгани маълум қилинган.
АҚШ Марказий қўмондонлиги эса ИИҚКнинг бу иддаосини рад қилди.
«Авиаташувчи АҚШ халқини Эрон режими томонидан юзага келаётган таҳдидларни бартараф этиш орқали ҳимоя қилиш кампаниясини қўллаб-қувватлаш мақсадида самолётларни учиришда давом этмоқда», – дейилади қўмондонлик баёнотида.