21 февраль куни президентнинг «Қорақалпоғистон Республикасини 2026 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва келгуси йиллар учун мўлжалланган дастурларни тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Унга кўра, 2026 йилда Қорақалпоғистон Республикасининг ялпи ҳудудий маҳсулоти 8,1 фоизга оширилиши режалаштирилмоқда. Шунингдек, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 8 фоизга кўпайтириш вазифаси қўйилган.
Ҳужжатда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажмини 3,5 миллиард АҚШ долларига етказиш белгиланган. Ишсизлик даражасини 4,2 фоизгача, камбағалликни эса 3,2 фоизгача қисқартириш мақсад қилинган. Нукус шаҳри, Қўнғирот ва Чимбой туманлари ҳамда 109 та маҳалла ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудудга айлантирилиши режалаштирилган. Шунингдек, 5 400 нафар мутахассисни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга ўқитиш кўзда тутилган.
Бундан ташқари, «оғир» тоифадаги Бўзатов, Қонликўл, Мўйноқ ва Шуманай туманларида ҳамда камбағаллик даражаси юқори бўлган 90 та маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш ва инфратузилмани яхшилаш орқали камбағаллик даражасини икки баробар қисқартириш режалаштирилмоқда.
Қарорда 2030 йилга қадар белгиланган устувор кўрсаткичлар ҳам акс этган. Жумладан, ялпи ҳудудий маҳсулотни 102,4 триллион сўмга, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини 28,9 триллион сўмга етказиш, саноат ва хизматлар соҳасида жами 7,2 миллиард долларлик лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган. Экспорт ҳажмини 900 миллион долларгача ошириш мақсад қилинган.
Шунингдек, қайта тикланувчи энергия манбалари — қуёш ва шамол электр станцияларининг улушини умумий генерация қувватида 70 фоизга етказиш вазифаси белгиланган. Аҳоли пунктларининг марказлашган ичимлик суви таъминотини 83,5 фоизга етказиш ҳам стратегик вазифалардан бири сифатида қайд этилган.
Қарорда сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш учун 5 миллиард доллардан ортиқ хорижий инвестиция жалб қилиш орқали маълумотларни қайта ишлаш ва «булутли» ҳисоблаш инфратузилмасини кенгайтириш режаси ҳам белгиланган.
