“Болам соғайсин…” деган дуода муштипар онанинг илтижоси мужассам. Боланинг юраги тинч урсин, у тенгдошлари каби югурсин, кулсин, орзу қилсин деган умид бор унда.
Муборак кунларда Бекобод ва Бўкада бир неча оиланинг дуолари ижобат бўлди. Болалар миллий тиббиёт маркази мутахассислари билан ҳамкорликда Бекобод туманида юрагида нуқсони бор болалар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Кўрик натижасида 3 нафар болада ёпиқ усулда, 1 нафар болада эса очиқ юрак амалиёти муваффақиятли амалга оширилди.
Бу ташаббус ортида аввало инсонлар тақдири турибди. Операция хонаси ёнидаги безовта ота, кўз ёшини яширишга уринган она, қўллари дуога очилган бобо-бувилар… Ва операциядан кейинги хушхабар. Шифокорнинг “ҳаммаси яхши ўтди” деган биргина сўзи бутун оиланинг елкасидаги оғир юкни аритади.
Сўнгги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан эҳтиёжманд ва кам таъминланган оилаларни манзилли қўллаб-қувватлаш тизими шаклланди. “Ижтимоий ҳимоя реестри” орқали ёрдам жойларга аниқ етиб бормоқда. Айниқса, Рамазон ойида моддий ва тиббий кўмаклар кўламининг кенгайиши одамларга умид ва ишонч бағишламоқда.
Бир бола соғайса, бутун оила енгил нафас олади. Агар оилада хотиржамлик бўлса, умид уйғонса, жамият мустаҳкамланади.
Энг асосийси, Бекободдаги бу хайрли ишлар доимий амалга оширилмоқда. Аввалроқ Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни ҳамда Қурбон ҳайити муносабати билан туманда 4 нафар болага юрак жарроҳлиги амалиёти ўтказилганди.
Туман даражасида амалга оширилган республикадаги илк мураккаб амалиёт ҳам айнан шу ерда амалга оширилган.