• Сб. Мар 7th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

АҚШ ва Исроилнинг Эронга ҳужуми ортидан нефть нархи кескин ошди


АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши зарбалари ортидан жаҳон бозорида нефть нархи 2022 йил март ойидан бери энг юқори суръатда ўсмоқда. Бу ҳақда Bloomberg хабар берди.

2 март куни савдолар очилишида Brent маркали нефть нархи бир зумда 13 фоизга ошди — баррели 69 доллардан 82 долларгача кўтарилди. Бу 2025 йил январидан бери энг юқори кўрсаткич ҳисобланади.

Тошкент вақти билан соат 12:00 ҳолатига кўра, Лондондаги «ICE Futures» биржасида май ойи фьючерслари 7,89 фоизга ошиб, 78,62 долларни ташкил этган. Нью-Йорк товар биржаси – «New York Mercantile Exchange»да апрель ойи WTI фьючерслари 6,93 фоизга қимматлашиб, 71,66 долларга етган.

Агентликнинг таъкидлашича, бу нефть нархининг 2022 йил март ойидан бери энг кескин ўсиши ҳисобланади.

Форс кўрфазидаги ва Эрон назорат қиладиган Ҳўрмуз бўғози орқали жаҳон нефть таъминотининг қарийб бешдан бири ўтади. Бироқ ҳужумлар фонида бу йўналишда кемалар ҳаракати сезиларли даражада қисқарган.

Эрон расмийлари 1 март куни бўғоз очиқлигини билдирган бўлса-да, кема эгалари ва трейдерлар хавфсизлик сабаб бу йўналиш орқали нефть ташишдан бош тортмоқда.

Даниянинг йирик транспорт компанияси «Maersk» Ҳўрмуз орқали барча рейсларни кейинги кўрсатмага қадар тўхтатганини маълум қилди. Компания бу қарор экипаж ва юклар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қабул қилинганини таъкидлади.

Шунингдек, Эрон Саудия Арабистонидаги нефть инфратузилмасига, жумладан «Saudi Aramco»нинг Рас-Таннурадаги қайта ишлаш заводига зарба бергани хабар қилинди.

«Wood Mackenzie» таҳлилчиларига кўра, агар Ҳўрмуз бўғози орқали танкерлар ҳаракати тез орада тикланмаса, нефть нархи 100 доллардан ошиб кетиши мумкин.

JPMorgan Chase & Co. экспертлари эса, агар сув йўли 25 кун ёпиқ қолса, Яқин Шарқдаги йирик нефть компаниялари сақлаш омборлари тўлиб кетиши сабаб ишлаб чиқаришни вақтинча тўхтатишга мажбур бўлиши мумкинлигини билдирмоқда.

Morgan Stanley иккинчи чорак учун Brent бўйича прогнозини 62,5 доллардан  80долларгача оширди. Citigroup Inc. эса камида келаси ҳафта давомида Brent нархи 80–90 доллар оралиғида савдо қилиниши мумкинлигини прогноз қилмоқда.

Karobaar Capital LP бош инвестиция директори Харис Хуршиднинг таъкидлашича, агар танкерлар ҳаракати тез тикланса ёки дипломатик деэскалация юз берса, нефть нархида маълум пасайиш кузатилиши мумкин.  



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *