Президент Шавкат Мирзиёев Эрон олий раҳбари Али Хоманаий вафоти муносабат билан мамлакат президенти Масъуд Пезешкиёнга ҳамдардлик билдирди. Бу ҳақда мамлакатнинг Тошкентдаги элчихонаси маълум қилди.
Шавкат Мирзиёев Эрон ислом республикаси президенти Масъуд Пезешкиёнга йўллаган мактубида Ислом инқилоби раҳбари Оятуллоҳ-ул-узмо Саййид Али Хоманаийнинг шаҳодати муносабати билан ҳамдардлик билдирди, дейилади хабарда.
«Эрон Ислом Республикаси Олий диний раҳбари Оятуллоҳ Сайид Али Ҳоманаий Ҳазрати Олийлари ва унинг оила аъзолари вафот этгани тўғрисидаги нохуш хабар қалбларимизни қаттиқ изтиробга солди. У зот ўзининг кўп йиллик самарали фаолияти давомида Эрон давлатчилигини мустаҳкамлаш, жамият барқарорлиги ва миллий қадриятларни асраб-авайлаш йўлида катта хизматлар қилди», — дейилади мактубда.
Мирзиёевнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон ва Эрон ўртасидаги кенг қамровли ҳамкорликни, ўзаро манфаатли ва узоқ муддатли шериклик муносабатларини ривожлантиришга улкан ҳисса қўшган кишининг ёрқин хотираси қалбларда доимий сақланиб колади.
«Ушбу мусибатли ва оғир дамларда сиз, жаноби олийларига ва дўст Эрон халқига самимий ҳамдардик изҳор этамиз. Қодир Аллоҳдан марҳумларнинг руҳини ўз раҳматига олишини, оила аъзолари ва барча яқинларига бардамлик ва сабри жамил ато этишни сўраб қоламиз», — дейилади мактубда.
Эслатиб ўтамиз, хорижий ОАВ Исроил ва АҚШнинг қўшма операцияси натижасида Эрон олий раҳнамоси Али Хоманаий вафот этгани, унинг жасади топилганини хабар қилди. Орадан вақт ўтиб, мамлакат расмийлари АҚШ ва Исроилнинг зарбалари оқибатида мамлакат олий раҳнамоси Али Хоманаий ҳалок бўлганини расман тасдиқлади.
Али Хоманаий 86 ёшда эди. У 1989 йилдан буён мамлакат олий раҳнамоси лавозимида ишлаб келаётганди. 1981−1989 йилларда эса Эрон президенти бўлган.
Аввалроқ Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Яқин Шарқ мамлакатларидаги — Қатар, Кувайт, Ўмон, Иордания, Баҳрайн ва БААдаги ҳамкасблари билан телефон орқали мулоқот қилди. У ҳамкасблари билан минтақадаги вазият ҳақида гаплашди ва Шавкат Мирзиёевнинг қўллаб-қувватлаш ҳамда бирдамлик сўзларини етказди.
Ундан олдин Ўзбекистон ТИВ Яқин Шарқда вазиятнинг кескин равишда таранглашуви ва минтақада янги зиддиятли ҳолат юзага келганидан жиддий хавотирда эканини билдирганди.
