Адлия вазирлиги Йўловчи божхона декларациясини тўлдириш ва расмийлаштириш тартиби тўғрисидаги йўриқномага ўзгартириш ва қўшимчаларни давлат рўйхатидан ўтказди, деб хабар бермоқда «Ҳуқуқий ахборот» Telegram канали.

Ҳужжат билан йўловчи божхона декларациясининг электрон шакли божхона органларининг ахборот тизимида мобил илова орқали автоматик равишда шаклланиши белгиланмоқда.

Фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида аниқланган техник хато ва камчиликлар божхона ходими томонидан тузатилиши мумкинлиги қайд этилмоқда.

Товар (буюм) 16 ёшга тўлмаган шахсларга тегишли бўлган ҳолларда Йўловчи божхона декларациясининг «товар номи» ва «буюм номи» устунларида буюм (товар) эгасининг паспорт (ID карта) рақами ҳам кўрсатилиши лозим.

Мобил қурилмалар товарларни олиб киришнинг божхона тўловлари ундирилмайдиган чекланган меъёрлардан қатъий назар декларацияланиши белгиланмоқда (бундан Тизим оператори базасида рўйхатга олинган ва Ўзбекистон ҳудудида сотиб олинган мобил қурилмалар мустасно).

Божхона қўмитаси йўловчилар божхона декларациясини онлайн тўлдириб топшириши учун махсус «Yo‘lovchi deklaratsiyasi» мобил иловасини ишга туширгани ҳақида ўтган йил октябрида маълум қилган эди. Бундан ташқари, чегара постларида декларацияларни расмийлаштириш имконини берувчи инфокиосклар ўрнатилиши ва мобил илова фойдаланувчилари учун назорат пунктларида бепул Wi-Fi зоналари мавжуд бўлиши айтилганди. Тошкент халқаро аэропортида «Йўловчи божхона декларацияси» тизими ва мобил иловаси тест режимида ишга туширилган, уларни 2025 йил 1 ноябргача барча чегара ўтиш пунктларида жорий этиш режалаштирилган эди.