Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Эрондан Туркманистон орқали Ўзбекистонга транзит билан келаётган мамлакат фуқароларига ёрдам кўрсатиш чораларини кўрди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Ўзбекистоннинг Ашхободдаги элчихонаси ТИВ штаби ва Туркманистоннинг ваколатли ташкилотлари билан яқин ҳамкорликда ишламоқда, шунингдек, Ўзбекистоннинг Эрондаги элчихонаси билан доимий алоқада бўлиб турибди.

Элчихона ходимлари фуқароларни Туркманистон-Эрон чегарасидаги Сарахс шаҳрида кутиб олади. Ўзбекистоннинг Ашхободдаги элчихонаси автотранспорти сафарбар этилган.

Боғланиш учун шахслар:

  • (+993) 64−78−04−44 — Жасур Ашуров;
  • (+993) 64−99−34−58 — Жамшид Бўриев;
  • (+993) 62−20−49−56 — Жасур Ахмедов (консул).

Эслатиб ўтамиз, 1 март куни Ўзбекистон ТИВ Яқин Шарқдаги вазият кескинлашгани сабабли минтақадаги фуқаролар учун тавсияларни эълон қилганди: расмий маълумотларга таяниш, дипломатик ваколатхоналар билан алоқада бўлиш, маҳаллий меъёрларга риоя қилиш, ҳужжатларни тартибда сақлаш ва алоқа воситаларининг доимий ишлашини таъминлаш шулар жумласидан.

ТИВ, шунингдек, Ўзбекистоннинг минтақадаги хорижий ваколатхоналари тезкор алоқа ва ишонч телефонлари рақамларини тақдим этган.

Душанба куни ТИВ Ўзбекистон фуқароларига Яқин Шарқ мамлакатларига сафарларни қолдиришни тавсия қилди. Саудия Арабистонига Умра дастури тўхтатилди, фуқаролар Жидда ва Мадинадан олиб чиқилмоқда. Исроилдаги ўзбекистонликларга ҳушёр бўлиш ва имкон қадар мамлакатни тарк этиш тавсия қилинган.