• Сб. Мар 7th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

«Вазият ваҳимали эмас» — Дубайда рейслари бекор бўлган ўзбекистонликлар билан суҳбат



28 февраль куни АҚШ ва Исроил томонидан Эроннинг ўққа тутилиши ҳамда Эроннинг АҚШ ҳарбий базалари жойлашган Яқин Шарқ минтақаси давлатлари ва Исроилга йўллаган жавоб зарбалари бошланиши билан мазкур давлатларда ҳаво ҳудуди ёпилди. Натижада кўплаб авиарейслар, жумладан, Ўзбекистон билан Саудия Арабистони, БАА, Қатар ва Исроил ўртасидаги парвозлар бекор қилинди.

Фавқулодда вазият сабаб ўша куннинг ўзида Дубай-Тошкент йўналишидаги бир неча авиакомпания рейслари бекор қилинган. Gazeta ушбу рейслардаги йўловчилар билан суҳбатлашиб, айни дамдаги вазият ҳақида маълумот олишга ҳаракат қилди.

Йўловчиларнинг фикрлари

28 февраль куни Uzbekistan Airways‘нинг HY334 рей­си билан Дубайдан Тошкентга учиши керак бўлган самолёт учиш йўлагида турган пайтда парвоз бекор қилинган. Йўловчилар аэропорта қайтарилиб, кейин меҳмонхонага олиб борилган.

Йўловчилардан бири Gazeta’га «рози бўлганлар меҳмонхонага жойлаштирилди, яшаш жойи борлар эса уйига кетди», дея маълум қилди.

Унинг айтишича, меҳмонхонада турган йўловчилар орасида болали оилалар ҳам бор.

Авиакомпания рейси қолдирилган йўловчилар учун Telegram гуруҳи очиб, у ерда сўнгги маълумотлар беряпти. Дубайдаги бош консуллик ҳам алоҳида гуруҳ очиб, у ерда керакли маълумотларни бериб бормоқда.

Авиакомпания йўловчиларнинг меҳмонхона харажатларини бўйнига олган. Меҳмонхонада ифторлик ва саҳарлик бериляпти. Кўчага чиқиш тақиқланмаган. Ресторанлар, кафелар ва савдо марказлари ишлаяпти, автомобиллар, таксилар ҳам ҳаракатда.

«Бу ерда ҳаммаси тинч, саросима йўқ. Вақти-вақти билан ҳаво мудофааси ишлаяпти, қирувчи самолётлар патруль қилмоқда», — дея кузатувлари билан улашди йўловчи.

Uzbekistan Airways матбуот хизматининг Gazeta сўровига жавобан хабар беришича, Дубайда бекор қилинган рейснинг 160 нафар йўловчиси иккита меҳмонхонага жойлаштирилган.

Компания йўловчиларга зарур бўлган барча хизматлар тақдим этилаётгани ва улар авиакомпаниянинг БААдаги вакили билан алоқада бўлиб турганини қайд этди.

«Ҳаво ҳудуди очилгандан сўнг, йўловчиларга Дубай халқаро аэропортига трансфер ва авиакомпаниянинг яқинлашиб келаётган рейслари орқали олиб чиқиш имконияти таклиф этилади», — деб қўшимча қилди Uzbekistan Airways.

Qanot Sharq авиакомпаниясининг 28 февраль куни Дубай вақти билан 15:00 да Тошкентга учиши керак бўлган парвози ҳам бекор қилинган. Бу ҳақда унинг икки йўловчиси маълум қилди. Улар аэропортга келиб, кутиш залида бир муддат ўтиргач, рейс қолдирилганидан хабар топган.

«Аввалига рейс кечроққа қолдирилди, дейишди. Уруш ҳақида ҳеч нарса гапирилмади. Кейинроқ уруш бошланганини эшитиб, аэропортнинг хавфсизлигига ҳам тўлиқ ишонолмадик», — дейди суҳбатдошлар.

Авиакомпания вакиллари тунги соат 12 атрофида йўловчиларни меҳмонхонага олиб кетган. «Аввал рўйхатдан ўтказишди, анкета тўлдирдик. Кейин автобусда тахминан 40 дақиқада меҳмонхонага етиб келдик», — дейди уларнинг бири.

Суҳбатдошлар аэропортда ҳам, йўлда ҳам ҳеч қандай портлашларга гувоҳ бўлмагани, қўрқинчли овозларни эшитмаганини қайд этди. «Жуда ваҳимага тушганимиз ҳам йўқ, Аллоҳга таваккал қилдик. Ватандаги яқинларимизни ҳам шундай деб тинчлантириб турибмиз», — дейди улар.

Йўловчилар тунги соат 1 атрофида меҳмонхонага жойлаштирилган. Авиакомпания нонушта ҳамда меҳмонхонанинг 12 соатлик вақти учун тўлов қилиб берган. 1 март кундузги 12:00 дан эса йўловчиларнинг ўзи кейинги бир кунлик тўловларини амалга оширган. Бир хонага уч киши жойлаштирилгани учун киши бошига 37 доллардан тўғри келган.

«Бир томондан нотинчлик, иккинчи томондан кўпчиликнинг пули тугаб бормоқда, устига-устак тил ҳам билмаймиз. Пули йўқларга борлар бериб, қарашиб турибди. Охирги марта 2 март куни Дубай вақти билан 18:00 лар атрофида консулхона билан моддий ёрдам масаласида боғландик. 3 март куни мемонхонага келишларини айтишди. Ижобий ҳал бўлишидан умидвормиз. Бу ерларда мавҳумликда қолиб кетишдан ёмони йўқ», — дейди йўловчилар.

Худди шу рейснинг бошқа бир эркак йўловчиси таъкидлашича, 2 март куни тонгда меҳмонхонага жуда кучли портлаш овози эшитилган, лекин қайси томондалиги кўринмаган.

28 февраль куни Centrum Air компаниясининг Тошкентга бўладиган парвози Дубай вақти билан 13:00 да бошланиши керак бўлган.

«Соат 12:25 ларда ҳам самолётга чиқмаган эдик. Нима бўляпти, нега чиқмаяпмиз деб ўйланиб тургандим. Кўп ўтмай Ўзбекистондаги яқинларимиздан рейслар бекор бўлаётгани ҳақида хабарлар олдик. Соат 13:00 да ҳам самолётга чиқмаганимиздан кейин рейс қолдирилганини билдик», — дейди йўловчилардан бири.

Суҳбатдош рейс қолдирилганини эшитгандан кейин ҳеч ким ваҳима қилмагани, одамлар жанжаласиз, сабр билан кутишганини алоҳида қайд этди.

«Рейс бекор бўлганини эшитганда ифторда бир дастурхонда ўтирамиз деб, хурсанд бўлиб бизни кутаётган болаларим кўз олдимга келди. Ҳар гал видеоқўнғироқ орқали гаплашганда телефонда ўпиб қўйишарди. Йиғладим — уруш, ўлим, ҳеч нарса хавф солмади, фақат оналик мажбурияти, соғинч қийнади», — дейди йўловчи.

У парвозда ўзбеклар билан бирга бошқа миллат вакиллари ҳам бўлгани, 19:00 ларда ҳаммани автобусларда меҳмонхоналарга олиб кетишганини айтди.

«Биз билан бир автобус одам Hyatt Place деган меҳмонхонага жойлаштирилди. Ўзбеклар жами нечталигини билмайман, аммо Telegramʼда Centrum Air йўловчилари учун очилган гуруҳимизда 80 га яқин аъзо бор. Меҳмонхонанинг бир кунлик харажатларини авиакомпания тўлаб берди. Кейинги бир кунни ўзимиз тўладик. Уч кишилик хоналар 100 доллардан», — дейди йўловчи.

У шу пайтгача ракета, дрон, портлашларни кўрмагани, эшитмаганини таъкидлайди. «Меҳмонхонамиз четроқда, бу ерлар анча тинч. Ҳар хил Telegram, Instagram каналларида кўрсатилаётгандек ваҳимали эмас, балки бошқа жойлар ҳақиқатдан нотинчроқдир», — дейди.

Унинг қайд этишича, 1 март куни меҳмонхонага элчихона вакиллари келган, кейинги кунлардан давлат пул ажратса, меҳмонхона харажатларини қоплаб берилишини маълум қилган. 2 март куни Дубай вақти билан 16:00 лар атрофида консул меҳмонхонага келиб, уч кунлик харажатлар қоплаб берилишини маълум қилган.

«Унгача йўллар очилиб қолар дейишяпти. Агар очилмаса, кейинги кунларни ҳам ҳал қилишаркан. Ёрдам беришаётгани яхши бўлди, чунки кўпчиликнинг пули тугаб қолганди. Агар ёрдам берилмаганда кўчада қолардик», — дейди йўловчи.

Унинг қайд этишича, ҳозиргача арзонроқ ёки текин меҳмонхоналарни топиб, чиқиб кетган ҳамрохлари ҳам бўлган. «Шу ердаги ўзбек болалар келиб иккита хона таклиф қилишди, икки оила ўшалар билан кетди. Ош-овқатларига ҳам қарашиб туришаркан. Барака топишсин», — дейди у.

Маълумот ўрнида: Дубай аэропорти 2 март куни кечқурун йўловчи самолётлар учиришни бошлаган. Бир рейс Дубайдан Самарқандга учиб кетган бўлса, яна бири Бангладешга йўл олган.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *