• Сб. Мар 7th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Исроилдаги Ўзбекистон фуқароларига фавқулодда ҳолатларда хавфсизлик чоралари эслатилди



Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчихонаси 12 мартга қадар амал қилувчи фавқулодда ҳолат тартиби ва ҳозирги хавфсизлик вазияти муносабати билан ушбу мамлакатда вақтинча бўлиб турган фуқароларга мурожаат йўллади.

Фавқулодда ҳолат тартиби доирасида мамлакатда болалар боғчалари ва мактаблар ишламаяпти, ҳаётий муҳим хизматлардан ташқари аксарият корхона ва ташкилотлар фаолиятига тақиқ қўйилган. Оммавий тадбирлар бекор қилинган.

Дипломатик ваколатхона сирена овози эшитилганда энг яқин бомбапаноҳларга ёки ҳимояланган хонага йўл олишни ва маҳаллий хизматлар кўрсатмаларига амал қилишни тавсия этди. Шунингдек, фуқароларга ракета тушган жойларни ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ишини фото ва видеога олиш тақиқлангани эслатилди.

Ракета парчалари ёки шубҳали буюмлар аниқланганда, уларга яқинлашмаслик ва тегишли хизматларга хабар бериш тавсия этилмоқда.

Хорижлик ишчилар Исроил ИИВ ҳузуридаги Аҳоли ва миграция бошқармаси (PIBA) кол марказига 1−700−707−889 рақами орқали мурожаат қилишлари мумкин. Фавқулодда хизматлар телефонлари: 100 — полиция, 101 — тез ёрдам (Маген Давид Адом), 102 — ёнғин-қутқарув хизмати, 104 — Фронторти қўмондонлиги.

Мамлакатдан чиқиб кетиш тартиби (Миср орқали)

Элчихона, шунингдек, Миср билан чегарадаги «Таба/Бегин» назорат-ўтказиш пункти орқали мамлакатдан чиқиб кетиш тартибини тушунтирди. Шарм-аш-Шайхдан Ўзбекистонга, жумладан, Uzbekistan Airways, Centrum Air, Qanot Sharq ва Air Samarkand авиакомпаниялари томонидан рейслар амалга оширилмоқда. Қийинчиликлар юзага келган тақдирда, фуқароларга Ўзбекистоннинг Исроил ёки Мисрдаги элчихоналарига мурожаат қилиш тавсия этилади.

Консуллик ёрдамини олиш учун фуқаролар Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчихонаси билан 03−672−2466, 03−672−2371, 03−758−5075, 03−758−5076 телефон рақамлари, шунингдек, +972 54 485 1397 тезкор алоқа рақами (туну кун) орқали боғланишлари мумкин.

Қўшимча маълумотлар Konsullik xizmati Telegram каналида ва il.uzembassy@mfa.uz электрон почта манзили орқали эълон қилиб борилади.

Дипломатик ваколатхона фуқаролар хавфсизлиги устувор вазифа бўлиб қолишини таъкидлади ва фақат расмий маълумот манбаларига ишонишга чақирди.

Куни кеча Ўзбекистон президенти Саудия Арабистони, БАА ва Қатардан ватандошларни қайтариш учун авиарейсларни ташкил этиш бўйича топшириқ берди. Шу билан бирга, ҳукумат жанубий йўналишдаги хавфларни инобатга олган ҳолда экспорт-импорт операциялари учун муқобил йўналишларни кўриб чиқмоқда.

28 февралдан бери АҚШ ва Исроил Эрон ҳудудига зарбалар бермоқда. Бунга жавобан Эрон Форс кўрфази мамлакатларидаги АҚШ ҳарбий базаларига ҳужум қилган.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *