2025 йил май ойида тарих фанидан ўтказилган аттестация жараёнида ўқитувчилар томонидан «Юстиниан I вафотидан сўнг қайси қабила бутун Испанияни эгаллаган?» деган саволга белгиланган «Вестготлар» жавоби ҳам тўғри деб қабул қилинди. Бу ҳақда Педагогик маҳорат ва халқаро баҳолаш илмий-амалий маркази маълум қилди.
Баёнотда таъкидланишича, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги марказда тарих фани ўқитувчиларининг эътирозларига сабаб бўлган ушбу масала юзасидан тарихчи олимлар иштирокида муҳокама ва суҳбатлар ташкил этилган. Экспертлар вазирликка таклиф қилинган ва уларнинг фикр-мулоҳазаларига қулоқ тутилган.
«Мазкур савол мазмунида илмий талқинлар ўртасида тафовут мавжудлиги, савол тузилишида аниқлаштириш зарурати борлиги сабабли ушбу савол тушган педагогларнинг аттестация натижаларига тегишли ўзгартириш киритиш мақсадга мувофиқ деб топилди. Бунда ушбу тест савол учун бир нечта жавоб вариантларни, яъни „Лангобардлар“ ва „Вестготлар“ тўғри деб қабул қилиниши ҳамда ўқув адабиётлари мазмунини аниқлаштириш бўйича илмий-методик ишлар ташкил этилишини маълум қиламиз», — дейилади марказ ахборотида.
«Маънавий зарар ундириш бўйича судга бериш режалаштирилган» — адвокат
Даъвогарларнинг адвокати Умаржон Жуманиязовнинг Gazeta`га айтишича, айнан мазкур савол юзасидан вазирлик устидан судга шикоят киритган тўрт нафар тарих ўқитувчиси икки марта судда ютқазган. Хусусан, 2025 йил ноябрь ойида Тошкент шаҳри фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди томонидан педагоглар шикояти рад этилган.
Шунингдек, 2026 йил февраль ойида Тошкент шаҳри суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати кассация шикоятини қаноатлантирмай, биринчи инстанция суди ҳал қилув қарорини ўз кучида қолдирган. Адвокатга кўра, ҳар икки суд ишида ҳам судьялар ҳужжатларни таҳлил қилмай, ишни юзаки кўриб чиққан.
«Бироқ суд томонидан даъво талабларимиз рад этилишига қарамай, тарихчи-педагог Жалол Болтаевнинг Президент виртуал қабулхонасига йўллаган мурожаатидан сўнг вазирлик аттестация натижаларини қайта кўриб чиқиб, уларни ўзгартириш тўғрисида қарор қабул қилди. Мазкур ҳолат дастлабки баҳолаш натижалари асоссиз ва нотўғри бўлгани, айнан шу хато натижалар сабаб тарих ўқитувчиларига маънавий зарар етказилгани ҳамда уларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари бузилганини тасдиқлайди», — дейди адвокат.
«Шу боис баҳолаш маркази томонидан аттестация натижалари расман ўзгартирилганидан сўнг етказилган маънавий зарар, вакиллик харажатлари ҳамда бошқа зарур сарф-харажатларни ундириш юзасидан амалдаги қонунчиликка мувофиқ судга мурожаат қилиш режалаштирилган», — дея қўшимча қилди Умаржон Жуманиязов.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Дилфуза Собированинг Gazeta`га айтишича, тест имтиҳонида мазкур савол тушган тарих ўқитувчиларининг аттестация натижаларига балл қўшиб берилади, уларнинг ҳар бири марказ томонидан ўрганиб чиқилади.