Миллий инвестиция жамғармаси (UzNIF) устав капиталини шакллантириш учун фойдаланиладиган давлат улушига эга корхона ва банклар рўйхатига яна ўзгартиришлар киритилди. Бу президентнинг 25 февралдаги қарорида кўзда тутилган.
Дастлаб жамғарма портфели 18 та давлат компаниясининг улуш ва акцияларидан иборат эди. 2025 йил 19 февралда ундан Uzbekistan Airports, «Микрокредитбанк», «Бизнесни ривожлантириш банки» ва «Ўзбекистон почтаси» (UzPost) чиқариб ташланганди. Аммо ўшанда жамғарма «Ўзсаноатқурилишбанк» (SQB)даги улушларни қабул қилиб олган, шунингдек, «Ўзбекгидроэнерго», «Ўзбекинвест» ва «Темирйўлинфратузилма»даги улушларини кенгайтирган эди.
Янги ҳужжатга кўра, «Навоийазот» (25%) ва Халқ банкидаги (30%) улушлар жамғарма портфелидан чиқарилиб, UzNIF’дан Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузурига, яъни давлат ихтиёрига қайтарилади.
Бунинг эвазига «Ўзбектелеком»даги яна 5 фоизли давлат улуши ва «Ўзбекинвест»даги 10 фоизли улуш давлатдан Миллий инвестиция жамғармасига ўтказилмоқда.
«Ўзсаноатқурилишбанк»даги яна 10 фоизли улуш Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан Иқтисодиёт ва молия вазирлигига, кейинчалик UzNIF’га ўтказиш учун берилмоқда.
Шу тариқа, жамғарма эндиликда дастлабки 18 та ўрнига 13 та компаниядаги улушларга (1,5 миллиард доллар) эгалик қилади.
UzNIF акцияларининг бирламчи оммавий таклифини (IPO) 2026 йил охиригача ўтказиш режалаштирилган. Kosta Legal ва Cleary Gottlieb Steen & Hamilton компаниялари маслаҳатчи сифатида иштирок этади.
Миллий инвестиция жамғармаси президентнинг 2024 йил 27 августдаги қарори билан ташкил этилган эди. Templeton Global Investments компанияси жамғарманинг ишончли бошқарувчиси этиб тайинланган.
Жамғарманинг асосий вазифалари этиб жамғарма соф активларининг бозор қийматини ошириш, жамғарма акцияларини етакчи хорижий фонд биржаларига жойлаштириш, жамғарма активларига инвестициялар жалб қилиш ва уларни хусусийлаштириш жараёнларида иштирок этиш учун йирик халқаро институционал инвесторларни жалб қилиш белгиланган.
Декабрь ойи охирида Templeton Global Investments компаниясининг Марказий Осиё бўйича бош директори Мариус Дан Spot нашрига берган интервьюсида UzNIF портфели таркиби бошқа қайта кўриб чиқилмаслигини таъкидлаганди.
«Йўқ, мен буни портфелнинг якуний таркиби деб ҳисоблайман. 2026 йилнинг биринчи ярмида IPO сари борар эканмиз, давлат томонидан қўшимча активлар ўтказилишини амалга ошира олмаймиз. Жамғарма айнан мана шу портфель билан IPO’га чиқади», — деганди у.
Бошқа ўзгаришлар
Бундан ташқари, «Ўзсувтаъминот» ва «Ўзбекинвест»даги давлат улушлари Давлат активларини бошқариш агентлигидан (ДАБА) Иқтисодиёт ва молия вазирлигига ўтказилмоқда.
2026 йил 1 апрелга қадар «Ўзбекистон темир йўллари»га тегишли бўлган «Темирйўлинфратузилма»даги 60 фоизли улуш компаниянинг ўзидаги давлат улушини камайтириш ҳисобига давлатга — Иқтисодиёт ва молия вазирлигига ўтказилади.
Ўзбекистон Миллий банкидаги 10 фоизли улуш (ҳажми Ўзсаноатқурилишбанк акциялари улушига мутаносиб бўлиши керак) Иқтисодиёт ва молия вазирлигидан Тикланиш ва тараққиёт жамғармасига ўтказилмоқда.