• Сб. Мар 7th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Эрон БАА, Қатар ва Баҳрайнга яна зарбалар берди, АҚШ билан музокаралардан воз кечди. Исроил Ливанга ҳужум қилди


2 мартга ўтар кечаси Эрон Яқин Шарқдаги АҚШ ҳарбий базаларига учувчисиз учиш аппаратлари ва ракеталар билан янги ҳужумлар тўлқинини амалга оширди. Исроил ва АҚШ Эрондаги нишонларни ўққа тутишда давом этмоқда, деб хабар берди Associated Press.

CNN маълумотларига кўра, портлашлар қуйидаги жойларда содир бўлган:

  • Дубай ва Абу Даби (БАА);
  • Доҳа (Қатар);
  • Баҳрайн;
  • Кувайт.

Reuters агентлигининг ёзишича, Эрон Форс кўрфази мамлакатларидаги аэропортлар, ҳарбий объектлар, портлар ва меҳмонхоналарга зарбалар берган. Дубай ва Абу Даби халқаро аэропортларига шикаст етган, оқибатда бир тинч аҳоли вакили ҳалок бўлган, яна 11 киши жароҳатланган.

Эрон Миллий хавфсизлик олий кенгаши раҳбари Али Ларижоний ўз мамлакати «Қўшма Штатлар билан ҳеч қандай музокаралар олиб бормаслигини» маълум қилди.

Кувайт Мудофаа вазирлиги «бир нечта АҚШ қирувчи самолётлари» ҳалокатга учрагани ҳақида хабар берди. «Экипажнинг барча аъзолари тирик қолган», — дея аниқлик киритди вазирлик. Ҳалокат сабаблари очиқланмаган.

АҚШ Қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги (Centcom) Эронда ҳарбий операция бошланганидан бери АҚШ ҳарбийлари 1000 дан ортиқ нишонга зарба берганини ва 20 дан ортиқ турдаги самолётлар, кемалар, ракеталар ва бошқа қурол тизимларидан, жумладан, B-2 Spirit стратегик бомбардимончи самолётларидан фойдаланганини билдирди.

Исроил Мудофаа кучлари (ЦАХАЛ) маълумотларига кўра, 1 март ҳолатига кўра, Исроил Эрондаги ҳарбий нишонларга, жумладан, баллистик ракета учириш қурилмалари ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларига 1200 дан ортиқ ўқ-дори ташлаган.

«Ҳизбуллоҳ» Исроилга ҳужум қилди. ЦАХАЛ эса Ливанга зарба берди

Ливаннинг «Ҳизбуллоҳ» қуролли гуруҳи 2 март куни эрталаб Эрон олий раҳбари Али Хоманаийнинг ўлдирилиши ва «Исроилнинг такрорий тажовузлари»га жавобан Исроилга ракеталар учирганини маълум қилди.

Исроил бунга жавобан Ливан бўйлаб, жумладан, мамлакат пойтахти Байрутга кенг кўламли ракета зарбалари берди. ЦАХАЛ «юқори мартабали жангарилар, штаб-квартиралар ва террорчилик инфратузилмасини нишонга олганини» билдирди.

Минтақадаги қурбонлар сони ҳақида нималар маълум?

  • Эрон: Эрон Қизил ярим ой жамияти маълумотларига кўра, АҚШ ва Исроил ҳужумлари оқибатида 555 киши ҳалок бўлди. Эрон давлат ОАВларига кўра, Минаб шаҳридаги қизлар бошланғич мактабига берилган зарба оқибатида камида 165 киши ҳаётдан кўз юмган. Хитой ТИВ ҳам Эронда бир нафар Хитой фуқароси ҳалок бўлганини хабар қилди.
  • Исроил: «Маген Давид Адом» тез ёрдам хизмати маълумотларига кўра, Эронга қарши уруш бошланганидан бери Исроилда камида 10 киши ҳалок бўлди ва 200 дан ортиқ киши жароҳатланди.
  • Ливан: Мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, Исроилнинг Жанубий Ливан ва Байрутга берган ҳаво зарбалари туфайли камида 31 киши ҳалок бўлди.
  • БАА: Эроннинг жавоб зарбалари оқибатида уч киши ҳалок бўлди, деб хабар берди мамлакат Мудофаа вазирлиги.
  • Кувайт: АҚШ Марказий қўмондонлиги уч нафар америкалик ҳарбий хизматчи жанг пайтида ҳалок бўлганини, беш нафари эса оғир жароҳат олганини маълум қилди.
  • Баҳрайн: Салман шаҳрида тутиб қолинган ракета парчалари «хорижий кема»да ёнғин келтириб чиқариши оқибатида бир киши ҳалок бўлди.

Парвозларнинг бекор қилиниши

АҚШ ва Исроилнинг Эрон билан уруши ҳам Яқин Шарқда, ҳам унинг ташқарисида «авиация хаоси»ни келтириб чиқарди, деб қайд этмоқда CNN. Бутун дунё бўйлаб авиакомпаниялар рейсларни бекор қилишга мажбур бўлди, бу эса ўн минглаб йўловчиларга таъсир қилди. Парвозларни бекор қилган ташувчилар орасида Air France, Air India, British Airways, Emirates, Lufthansa, Qatar Airways ва Turkish Airlines бор.

2 март ҳолатига кўра, БАА, Қатар, Кувайт, Исроил, Баҳрайн, Ироқ ва Эрон устидаги ҳаво ҳудуди ёпиқлигича қолмоқда. Дубай, Абу Даби ва Доҳадаги йирик транзит аэропортлари ҳам ёпиқ.

Ўзбекистон ТИВ фуқароларга Яқин Шарқ мамлакатларига зиёрат, тижорат, дам олиш ва бошқа мақсадлар билан боғлиқ сафарларни қолдиришни тавсия қилган.

  • АҚШ ва Исроил 28 февраль куни эрталаб Эрон ҳудудига зарбалар беришни бошлади. Ўққа тутиш оқибатида Эрон олий раҳбари оятуллоҳ Али Хоманаий ҳалок бўлди. Теҳрон бунга жавобан Форс кўрфази мамлакатларидаги АҚШ ҳарбий базаларига ҳужум қила бошлади.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *