• Сб. Мар 7th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Қорақалпоғистонда ичимлик суви таъминотини яхшилашга 2,2 трлн сўм йўналтирилади



Қорақалпоғистонда аҳоли пунктларининг марказлашган ичимлик суви таъминоти тизимларини ривожлантириш учун халқаро молия институтлари, давлат ва маҳаллий бюджетлар ҳисобидан жами 2,2 триллион сўм йўналтирилади. Бу ҳақда 21 февраль куни қабул қилинган президент қарорида белгиланган.

Шунингдек, қарорга кўра, Қорақалпоғистонда урбанизация жараёнларини жадаллаштириш ва экологик вазиятни яхшилаш бўйича қатор йирик лойиҳалар амалга оширилади.

Жумладан, Жаҳон банкининг «Ўрта шаҳарларни комплекс ривожлантириш» лойиҳаси доирасида Қорақалпоғистонни ҳудудий режалаштириш стратегияси ишлаб чиқилади. Шунингдек, «Янги Ўзбекистон қиёфасидаги туман (шаҳар)» мақоми берилган Қўнғирот ва Чимбой туманлари ҳамда Нукус шаҳри учун фазовий ва мастер режалар тайёрланади. Ушбу ҳужжатлар инфратузилма лойиҳаларини танлаш ва уларга ўзгартириш киритиш учун асос бўлади.

2027 йил 1 апрелга қадар халқаро молия институтлари кўмагида Нукус шаҳрининг архитектуравий қиёфасини янгилаш ва замонавий шаҳар концепциясини ишлаб чиқиш режалаштирилган.

Инфратузилмани яхшилаш мақсадида 2026 йилда йирик объектлар қурилиши бошланади. Хусусан, Нукус шаҳрида тирбандликларни камайтириш мақсадида Нукус шаҳри ва Тахиатош туманини боғловчи 2,2 километр автомобилъ йўли, 1 та кўприк ҳамда «D 234 (4Р176)» Нукус — Чимбой — Тахтакўпир автомобиль йўлининг 4 километр қисмида янгидан йўл ўтказгич қурилади. Шунингдек, қатор ҳудудларда ичимлик суви тармоқлари ва канализация тизимлари қурилиши, автомобиль йўллари реконструкция қилиниши кўзда тутилган.

Ушбу лойиҳалар Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ва Осиё тараққиёт банки ўртасида эришилган келишувлар доирасида Қорақаллоғистон Республикасини ривожлантириш дастурини 2027 йилдан бошлаб натижага асосланган молиялаштириш тизими (PforR) бўйича жалб этиладиган 200 миллион доллар ҳисобига амалга оширилади.

Экологик ҳолатни яхшилаш мақсадида 2026−2030 йилларда Нукус шаҳри атрофида 15 минг гектар майдонда «яшил белбоғ» барпо этилади. Унинг 3 минг гектарида дарахт ва буталар экилади. Бу тадбирлар чўлланишга қарши курашишга қаратилган.

Шунингдек, 2026−2028 йилларда маиший чиқиндиларни бошқариш тизимини модернизация қилиш дастури амалга оширилади.

Аввалроқ Саида Мирзиёева Қорақалпоғистонда 2 млрд долларлик 27 та лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилганини маълум қилган эди. Ушбу лойиҳалар саноат, логистика, қишлоқ хўжалиги ва соғлиқни сақлаш соҳаларини қамраб олади ҳамда қарийб 10 мингта иш ўрни яратилади.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *