Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманидаги 33-умумтаълим мактабида ўқитувчилардан мажбурий пул йиғиш бўйича топшириқ берган Жарқўрғон тумани ҳокими ўринбосари Анвар Ражабов ишдан олинди.

Ушбу мактаб педагоглари Kun.uz’га мурожаат қилганида «Рамазон эҳсони» ниқоби остида турли сабаблар билан пул йиғишга мажбур қилишаётганини билдирганди. Ўқитувчилар 20 февраль куни директор Ойсара Узоқова томонидан мактабнинг Telegram’даги гуруҳида берилган «тезкор топшириқ»ни тақдим этган. Унда директор ўқитувчилар ҳар бири 25 минг сўмдан етказиши кераклигини тайинлаган.

Мактаб директори топшириқни берган ҳоким ўринбосари сифатида Анвар Ражабов исмини келтирган. Ражабов Анвар Уралович Жарқўрғон тумани ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари ҳисобланади.

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Муродбек Давлатовнинг хабар қилишича, Жарқўрғон тумани ҳокимининг ўринбосари Анвар Ражабов томонидан берилган кўрсатма амалдаги қонунчилик талабларига зид экани, хусусан, ихтиёрийлик тамойили бузилгани аниқланган.

Хизмат текшируви хулосасига мувофиқ Анвар Ражабов эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. Шу билан бирга, унинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш учун текширув материаллари белгиланган тартибда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди.