• Сб. Мар 7th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

«Ҳокимнинг хотини ва ўғли ҳам бўлган». Самарқандда мансабдорларнинг Хитой сафарига ўз яқинларини юборгани аниқланди


Қўшработ ва Каттақўрғон туманлари ҳокимликлари мансабдор шахслари томонидан хизмат сафарларига нафақат яқин қариндошлари, балки сафарга бевосита алоқадор бўлмаган ходимлар юборилгани аниқланди. Бу ҳақда Антикоррупция агентлиги ахборот хизмати маълум қилди.

Таъкидланишича, Хитойда Марказий Осиё давлатларининг профессионал фермерлари учун ташкил этилган семинарга Қўшработ туман ҳокимининг ҳайдовчиси М.Т. ва ҳокимнинг ўғли Д.Д.лар хизмат сафарига юборилган.

Қўшработ тумани ҳокимининг ўғли / Фото: Қўшработ туман ҳокимлиги

Бундан ташқари, Хитойда ташкил этилган «Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва қайта ишлашни ташкил этиш» бўйича махсус ўқув курсларида Қўшработ туманидаги соҳага алоқадор ҳокимлик вакиллари ва фермер хўжаликлари раҳбарлари таклиф этилгани кўрсатилиб, 32 нафар шахсдан иборат делегация таркиби (рўйхат) тақдим қилинган.

«Бироқ, рўйхатни ўрганиш давомида айрим делегация вакиллари, жумладан, туман ҳокимининг турмуш ўртоғи М.Ш., ҳокимлик бошқа мансабдор шахсининг яқин қариндоши Ч.Ҳ.лар рўйхатга асоссиз равишда киритилгани маълум бўлди. Шунингдек, рўйхатдаги Н.Х. ва М.С.лар Қўшработ туманидаги 1-сон техникум ходимлари сифатида расмийлаштирилган бўлиб, аслида улар ушбу техникумда ишламаслиги ойдинлашди», — дейилади агентлик баёнотида.

каттақўрғон тумани, коррупцияга қарши курашиш агентлиги, самарқанд, қўшработ

Қўшработ туман ҳокимининг ҳайдовчиси / Фото: Қўшработ туман ҳокимлиги

Қайд этилишича, Каттақўрғон туман ҳокимлиги томонидан инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва савдо шартномалари бўйича янги келишувларга эришиш мақсадида 2025 йилнинг 22−30 май кунлари Хитойга хизмат сафари ташкил этилиб, делегация таркибига сафар мақсадларига тўғридан-тўғри алоқадорлиги бўлмаган ҳокимлик ходими ҳам киритилган.

Аввалроқ, «Kun.uz» нашр этган мақолада Каттақўрғон тумани ҳокимлиги 2025 йил 15 августда Хитой сафаридан эълон қилган суратларда туман ҳокими Жамшид Насриддиновнинг ўсмир ёшдаги ўғли ҳам акс этгани ҳақида ёзган эди. Аммо агентлик баёнотида бу ҳақда сўз бормаган.

каттақўрғон тумани, коррупцияга қарши курашиш агентлиги, самарқанд, қўшработ

Каттақўрғон туман ҳокимининг ўғли / Фото: Каттақўрғон туман ҳокимлиги

«Давлат раҳбарининг 2021 йил 16 июндаги фармонида мансабдор шахсларнинг хорижий хизмат сафарлари ҳақидаги ахборотлар очиқ эълон қилиниши белгиланган бўлишига қарамай, Каттақўрғон ҳамда Қўшработ туманлари ҳокимликлари томонидан ушбу маълумотлар асоссиз равишда яширилгани аниқланди. Ўрганиш ва таҳлиллар жараёнида тўпланган ҳужжатлар қонуний чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди», — дейилади агентлик ахборотда.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ўз ваколатлари доирасида корруциявий ҳолатларни аниқлаш, қонун устуворлиги ва жазо муқаррарлигини таъминлаш ҳамда коррупция омилларини бартараф этиш бўйича тизимли чораларни қатъий давом эттиришини маълум қилган.

Аввалроқ, 2025 йилда Санкт Петербургда ўтган битирувчилар байрамига Самарқанд вилоятида амалдорлар ўз фарзанди, жияни ва яқинларини юборгани аниқланиб, улардан 28 млн сўм ундирилгани ҳамда мазкур байрамга ўз фарзанди ва жиянини ҳам юборган Самарқанд вилояти мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Музаффар Ҳамдамов ишдан олингани, бошқарманинг яна 5 ходимига интизомий жазо кўрилиши мумкинлиги ҳақида хабар берилган эди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *