Ёғиб ўтган ёмғирга қарамай, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ҳаводаги майда заррачалар (PM2,5 ва PM10) миқдори сезиларли даражада камайгани ва ҳаво сифати яхшилангани кузатилмади, дея хабар берди Ўзгидромет. Агентлик бунинг сабабларини тушунтирди.
Одатда, ёғингарчилик чанг ва майда заррачаларни ювиб тушириши ҳисобига ҳавонинг тозаланишига ёрдам беради. Шу билан бирга, туман пайтида ва ёмғирдан кейин PM2,5 заррачалари концентрацияси ошиши табиий ҳолат эканлиги таъкидланди.
«Ёмғир визуал жиҳатдан ҳавони „тозаловчи“ омил сифатида қабул қилинса-да, атмосферадаги ҳақиқий жараёнлар анча мураккабдир», — дейилади хабарда.
«Туман шунчаки намлик эмас, балки майда сув томчилари мажмуаси бўлиб, уларда чанг ва қоракул заррачалари тўпланади, шунингдек, иккиламчи аэрозоллар шаклланади. Туман шароитида, одатда, шамол суст бўлади, ҳаво айланиши чекланади ва ҳарорат инверсияси кузатилади. Ушбу омиллар ифлослантирувчи моддаларнинг атмосферанинг ерга яқин қатламида ушланиб қолишига сабаб бўлади, бу эса PM2,5 концентрациясининг ошишига олиб келади», — дея маълум қилди Ўзгидромет.
Кучли ёғингарчилик пайтида йирик ёмғир томчилари ифлослантирувчи моддаларни самарали равишда ювиб туширади ва натижада кўрсаткичлар вақтинча пасайиши мумкин. Бироқ ёмғирдан сўнг майда дисперс заррачалар концентрациясининг қайта ошиши эҳтимоли мавжуд.
«Бу юқори намлик шароитида заррачаларнинг гигроскопик хусусиятларга эга бўлиб, ўлчами катталашиши ва натижада ўлчов асбоблари томонидан фаолроқ қайд этилиши билан изоҳланади. Шунингдек, ёғингарчиликдан кейин намликнинг буғланиши иккиламчи аерозоллар ҳосил бўлишини кучайтириши мумкин. Шамол бўлмаган ҳолатда ифлослантирувчи моддалар ерга яқин қатламда тўпланишда давом этади», — дейилади хабарда.
3 март куни соат 9:00 ҳолатига кўра, пойтахт ҳавосидаги PM2,5 заррачаларининг ўртача суткалик миқдори 78 мкг/м3 ни ташкил этди. Бу миллий стандарт бўйича белгиланган рухсат этилган меъёрдан (60 мкг/м3) 30% га кўп демакдир. PM10 заррачаларининг миқдори эса 85 мкг/м3 ни ташкил қилиб, рухсат этилган меъёрдан (300 мкг/м3) ошмади.