Тошкент шаҳрида ўзини ДХХ ходими деб таништириб, 30 минг доллар талаб қилган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати хабар берди.

Ҳолат 1 мартдан мамлакат бўйлаб ўтказилаётган «Хавфсиз ва соғлом юрт» тезкор профилактик тадбирлари доирасида аниқланган. Тошкент шаҳри Янгихаёт туманида ИИВ ва туман прокуратураси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда 52 ёшли фермер хўжалиги ишчиси ушланган.

У ўзини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходими сифатида таништириб, муаммоли вазиятга тушган фуқароларга ёрдам беришини айтиб, пул талаб қилиб келгани аниқланган.

Жумладан, 41 ёшли фуқарога ўзини Давлат хавфсизлик хизмати ходими деб таништириб, унинг жиноят ишини ижобий ҳал қилиб беришни ваъда қилган ва эвазига 30 минг доллар талаб қилган.

Келишилган куни Сергели туманидаги кафелардан бирида сўралган пулнинг 10 минг долларини олган вақтида у тезкор тадбир иштирокчилари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳолат юзасидан унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди (жуда кўп миқдорда фирибгарлик) ва 28-модда орқали 211-модда 1-қисми (Пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Тошкент вилояти прокуратурасининг девонхона нозири тадбиркордан 9 минг доллар олаётганида ушланган эди. У бунинг эвазига савдо дўконидаги электрдан қарздорликни ваколатли танишлари орқали бартараф этиб бермоқчи бўлган.