Бир нечта тўлов хизматлари ва банклар мобил иловаларида карталар ўртасидаги пул ўтказмасининг мақсадини мажбурий кўрсатишни назарда тутувчи янги функцияни жорий қилди.

Маблағ юборишда фойдаланувчига 16 та тоифадан бирини танлаш таклиф этилади:

  1. Товарлар ёки савдо учун тўлов;
  2. Овқатланиш ва таом харажатлари;
  3. Қарзни қайтариш;
  4. Ёрдам пули;
  5. Оила ёки қариндошларга ўтказма;
  6. Совға;
  7. Етказиб бериш ҳақи;
  8. Ижара тўлови;
  9. Коммунал тўловлар;
  10. Сафар харажатлари;
  11. Таълим харажатлари;
  12. Тиббий харажатлар;
  13. Хайрия;
  14. Миннатдорчилик учун (чойпули);
  15. Ўйин-кулги харажатлари;
  16. Инвестиция ўтказмалари.

Шу билан бирга, бошқа бир қатор банк ва тўлов иловаларида (Payme, Click, Paynet) бундай талаб ҳозирча жорий қилинмаган.

Марказий банк матбуот хизматининг Gazeta’га маълум қилишича, банклар ва тўлов ташкилотлари рақамли сервисларни ривожлантириш доирасида мобил иловаларнинг функционалини босқичма-босқич янгилаб бориши, жумладан, пул ўтказмаларини амалга оширишда аниқлаштирувчи параметрларни киритиши мумкин.

«Bank va Mijoz» Telegram каналининг ёзишича, Марказий банк тижорат банклари ва тўлов ташкилотларига мобил иловаларда операцияларни амалга ошириш чоғида ўтказма мақсадини мажбурий танлаш функциясини жорий этиш бўйича тавсиялар юборган.

Регуляторнинг таъкидлашича, ўзгаришлар техник хусусиятга эга бўлиб, сервислар ишини такомиллаштириш ва операцияларга тўғри ишлов беришга қаратилган. Ҳар бир молия ташкилоти янгиланиш формати ва ҳажмини ўз иловасининг архитектурасидан келиб чиқиб, мустақил равишда белгилайди, дейилади хабарда.

Марказий банк фойдаланувчи томонидан кўрсатилган маълумотлар фақат мобил илованинг ишлаши доирасида қайта ишланиши ва бегона ташкилотларга берилмаслигини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, фойдаланувчиларга ўтказмани тасдиқлашдан олдин реквизитларни диққат билан текшириш, тасдиқлаш кодларини учинчи шахсларга бермаслик ва молиявий қарорларни пухта ўйлаб қабул қилиш тавсия этилади.

Регулятор бу ўзгаришлар операцияларни амалга оширишнинг одатий тартибига таъсир қилмаслиги ва мижозлар учун қўшимча чекловлар жорий этмаслигини қайд этди.