Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Тошкент вилоятида асоссиз ундирилган 2,2 млрд сўмдан ортиқ маблағни истеъмолчиларга қайтариш бўйича тегишли ташкилотга кўрсатма берди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар қилди.
Хабарда айтилишича, Рақобат қўмитасининг Тошкент вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан ҳудудда ичимлик суви ва оқова хизматлари тарифлари юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилган.
Ўрганишлар натижасида, «Musaffo obi hayot magistral suv ta’minoti» АЖ томонидан кўрсатилаётган ичимлик суви ва оқова хизматлари тарифлари оширилиши оқибатида истеъмолчилардан 2,2 млрд сўмдан ортиқ маблағлар асоссиз ундирилгани аниқланган.
Шунга кўра, қўмита Махсус комиссияси тегишли ташкилотга нисбатан «Рақобат тўғрисида»ги қонун талабларини бузиш аломатлари асосида иш қўзғатиб, иш натижасига кўра молиявий жарима қўллаш тўғрисида қарор қабул қилди. Шунингдек, аниқланган қонунбузарликни бартараф этиш ва келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик, асоссиз олинган маблағларни якуний истеъмолчига қайта ҳисоб-китоб қилиш тўғрисида мажбурий кўрсатма берилди.
Аввалроқ Рақобат қўмитаси Ангрен АЭСга 2024 йилнинг февраль-март ойларида етказиб берилган газ учун «Yerostigaz» томонидан жами 2,8 млрд сўмга яқин асоссиз пул маблағлари ундирилганини аниқлаганди. Ортиқча тўловни Ангрен ИЭСга қайтариш бўйича «Yerostigaz»га кўрсатма берилган, иш суд тартибида кўриб чиқилмоқда.