Эрондан Туркманистон ҳудуди орқали 13 нафар ўзбекистонлик ватанга қайтарилди, деб хабар бермоқда «Дунё» ахборот агентлиги.
Ўзбекистоннинг Ашхободдаги элчихонаси мамлакатнинг Эрондаги ваколатхонаси ва Туркманистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда бошқа ваколатли идоралари билан ҳамкорликда фуқораларни чегарада кутиб олиш, виза ва транспорт масалаларини ҳал этиш ҳамда ватанга қайтариш бўйича тегишли чора-тадбирларни амалга оширмоқда.
Хусусан, Туркманистон давлат идораларининг кўмагида Ашхобод шаҳридаги элчихона ходимлари 13 нафар фуқарони «Сарахс» туркман-эрон чегара пости орқали Ўзбекистонга хавфсиз кузатиб қўйган.
2 мартдан фуқаролар ва транспорт воситалари ўтиши учун туркман-эрон давлат чегарасининг «Гаудан-Бажгиран», «Артик-Лютфабад», «Акяйла-Инчебурун» ва «Олтин Асир-Инчебурун» назорат-ўтказиш пунктлари фаолияти ҳам қайта тикланган.
Аввалроқ элчихона ходимлари фуқароларни Туркманистон-Эрон чегарасидаги «Гаудан-Бажгиран» назорат-ўтказиш пунктида кутиб олиши ва ваколатхона автотранспорт воситалари жараёнга сафарбар этилгани айтилганди.
Ўзбекистоннинг Туркманистондаги элчихонаси ходимларига боғланиш:
- +993 64 78−04−44 — Жасур Ашуров;
- +993 64 99−34−58 — Жамшид Буриев;
- +993 62 20−49−56 — Жасур Ахмедов (консул).
Эслатиб ўтамиз, 1 март куни Ўзбекистон ТИВ Яқин Шарқдаги вазият кескинлашгани сабабли минтақадаги фуқаролар учун тавсияларни эълон қилганди: расмий маълумотларга таяниш, дипломатик ваколатхоналар билан алоқада бўлиш, маҳаллий меъёрларга риоя қилиш, ҳужжатларни тартибда сақлаш ва алоқа воситаларининг доимий ишлашини таъминлаш шулар жумласидан.
ТИВ, шунингдек, Ўзбекистоннинг минтақадаги хорижий ваколатхоналари тезкор алоқа ва ишонч телефонлари рақамларини тақдим этган.
Душанба куни ТИВ Ўзбекистон фуқароларига Яқин Шарқ мамлакатларига сафарларни қолдиришни сўралди. Саудия Арабистонига Умра дастури тўхтатилди, фуқаролар Жидда ва Мадинадан олиб чиқилмоқда. Исроилдаги ўзбекистонликларга ҳушёр бўлиш ва имкон қадар мамлакатни тарк этиш тавсия қилинган.