Бухоро шаҳрида яшовчи 61 ёшли шахс Суриядаги «Тавҳид ва жиҳод катибаси» халқаро террористик ташкилоти сафига қўшилган ўғлига криптовалюта орқали пул юбориб, терроризмни молиялаштиргани учун 10 йил 2 ойга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, унинг 1999 йилда туғилган ўғли 2019 йилда ёт ғоялар таъсирида Сурияга кетиб, ушбу халқаро террористик ташкилот сафига қўшилган. У жангарилар сафида фаолият юритиш билан бирга, ижтимоий тармоқлар орқали турли баҳоналар билан пул йиғиб, ташкилотнинг молиявий таъминотини яхшилашга кўмаклашган.
2021−2025 йиллар давомида у интернет орқали Ўзбекистон фуқаролари билан мулоқотга киришиб, уларни криптовалюта кўринишида маблағ юборишга даъват қилган ва катта миқдорда пул йиғишга эришган. Унинг алдовига учиб, турли миқдорда пул юборган саккиз нафар шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 155−3-моддаси (Терроризмни молиялаштириш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Тергов материалларига кўра, 61 ёшли ота 2022−2025 йиллар давомида Binance халқаро криптобиржаси орқали жами 13 597 USDT миқдоридаги криптовалютани (ҳозирги ҳисоб-китобларга кўра тахминан 167 млн сўм) ўғлига юборган.
У 2022 йил 13 апрелдан 2023 йил 14 февралга қадар ўзида мавжуд пул маблағларини криптовалютага айлантириб, Сурия ҳудудидаги «Тавҳид ва жиҳод» террорчилик ташкилотида фаолият юритаётган ўғли номига очилган Binance халқаро криптобиржасидаги аккаунтга ўтказган. 2023 йил 21 февралдан 25 майга қадар эса ушбу платформада ўз номига аккаунт очиб, яна криптовалюта юбориш орқали терроризмни молиялаштиргани аниқланган.
ДХХ маълумотига кўра, мазкур шахс диний экстремизм ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган материалларни тарқатгани учун 2019 йилда Жиноят кодексининг 244−1-моддаси (Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) билан 5 йилга озодликдан маҳрум этилган. 2023 йил январда Бухоро шаҳар суди ажрими билан шартли равишда озод қилинган.
Бухоро шаҳар суди ҳукми билан у Жиноят кодексининг
- 155−3-моддаси 2-қисми «а» банди (такроран ёки хавфли рецидивист томонидан терроризм молиялаштирилиши),
- 278−8-моддаси 2-қисми «а» бандида (такроран ёки хавфли рецидивист томонидан крипто-активлар айланмаси соҳасидаги қонунчилик бузилиши)
назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, 10 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум этилди.
Унинг ўғли эса Жиноят кодексининг
- 244−1 (Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш),
- 244−2 (Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш),
- 155−2 (Террорчилик фаолиятини амалга ошириш мақсадида ўқувдан ўтиш, чиқиш ёки ҳаракатланиш),
- 155−3-моддаларида (Терроризмни молиялаштириш)
назарда тутилган жиноятларни содир этганликда гумонланиб, унга нисбатан қидирув эълон қилинган.