Президент Шавкат Мирзиёевнинг фармонига мувофиқ, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси йўл-патруль хизмати инспектори, марҳум кичик сержант Эшназаров Ҳосилбек Бекназар ўғли «Жасорат» медали билан мукофотланди.
Фармонда қайд этилишича, у мамлакатимиз ички ишлар органларидаги фидокорона меҳнати, жиноятчиликка қарши курашиш, жамоат хавфсизлиги ва халқ осойишталигини таъминлаш, йўлларда ҳаракат хавфсизлигини мустаҳкамлаш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш ҳамда қоидабузарликлар профилактикасини самарали амалга ошириш борасидаги катта хизматлари учун муносиб тақдирланди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил 25 февраль куни соат 21:48 ларда Тошкент шаҳрида хизмат вазифасини бажараётган ЙПХ инспектори кичик сержант Ҳосилбек Эшназаровни 10-синф ўқувчиси — вояга етмаган ҳайдовчи бошқарувидаги «BMW» русумли автомашина уриб юборган эди. Оғир тан жароҳатлари олган ходим уч кун давомида шифокорлар назоратида бўлган, аммо кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан вафот этганди.
Маълумотларга кўра, кичик сержант Ҳосилбек Эшназаров 2022 йилдан буён ички ишлар органларида хизмат қилиб келган. Унинг ортидан ота-онаси, рафиқаси, икки нафар ўғил ва бир нафар қиз фарзанди қолди.