• Сб. Мар 7th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Франция ядровий арсеналини кўпайтиради ва захираларини очиқлашни тўхтатади


Франция ядровий арсеналини кенгайтиради ва ядровий кучларини иттифоқчи Европа мамлакатлари ҳудудида жойлаштиришга тайёр. Бу ҳақда 2 март куни Франция президенти Эммануэль Макрон маълум қилди, деб хабар бермоқда Le Monde ва BBC News.

«Келгуси 50 йил ядровий қурол даври бўлади, — деди Макрон Франциядаги Иль-Лонг атом сувости кемалари базасида қилган чиқишида. — Ҳозирда биз хавф-хатарларга бой геосиёсий тўқнашувлар даврини бошдан кечирмоқдамиз. Кўплаб таҳдидлар қаршисида ядровий тийиб туриш салоҳиятимизни мустаҳкамлашимиз ва суверенитетимизга қатъий риоя қилган ҳолда Европа қитъасида тийиб туриш стратегиясини диққат билан қайта кўриб чиқишимиз керак».

Президент 2036 йилда Франция Invincible («Енгилмас») номли ядровий қурол билан жиҳозланган янги атом сувости кемасини сувга туширишини маълум қилди.

Шунингдек, у «илғор тийиб туриш» деб атаган тизимни босқичма-босқич жорий этишни эълон қилди. Макроннинг сўзларига кўра, янги ядровий тийиб туриш стратегиясига Европанинг саккизта давлати қўшилди: Бельгия, Буюк Британия, Германия, Греция, Дания, Нидерландия, Польша ва Швеция.

Ушбу мамлакатлар ўз ҳудудларида Франциянинг «стратегик ҳаво кучларини» жойлаштиришлари мумкин бўлади. Бу кучлар шу йўсинда «бутун Европа қитъаси бўйлаб ёйилиши» ва шу орқали «рақибларимизнинг ҳисоб-китобларини қийинлаштириши» керак, деди Макрон.

Унинг қўшимча қилишича, ушбу схема «иттифоқчи кучларнинг ядровий тадбирлардаги анъанавий иштирокини», масалан, яқинда Британия қўшинлари иштирокида ўтказилган ҳарбий машғулотларни ҳам ўз ичига олиши мумкин.

Франциянинг ҳамкорлари «ёрдамчи» воситаларни ривожлантиришда ҳам иштирок этади: бунга космик огоҳлантириш тизимлари, яқинлашиб келаётган учувчисиз учиш аппаратлари ва ракеталарни тутиб олиш учун ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари, шунингдек, узоқ масофали ракеталар киради.

Макрон ядровий қуролни қўллаш бўйича қарор қабул қилишнинг мутлақ ҳуқуқи Франция президентида қолишини алоҳида таъкидлади. Бундан ташқари, унинг қўшимча қилишича, Франция ўз иттифоқчиларига уларни ядровий қурол билан ҳимоя қилиши ҳақида мутлақ кафолат бермайди.

Макроннинг сўзларига кўра, янги стратегиядан кўзланган мақсад аввалгидек потенциал рақибларни «агар улар Францияга ҳужум қилишга журъат этса… бунинг учун жуда катта товон тўлашларига» ишонтиришдан иборат.

Шу вақтга қадар Франция ўз «ҳаётий муҳим манфаатлари» сирасига айнан нималарни киритишини ва уларга тажовуз қилиш қандай ҳолатда ядровий жавоб қайтарилишига сабаб бўлишини атайлаб аниқ очиқламай келаётган эди.

Ушбу тамойилга мувофиқ, Макрон таъкидлаганидек, Франция бундан буён ядровий арсенал захиралари ҳақидаги маълумотларни очиқламайди.

Le Monde нашрининг ёзишича, Франция дунёда катталиги бўйича тўртинчи ядровий арсеналга эга — у тахминан 290 та жанговар каллакдан иборат деб баҳоланади. Таққослаш учун, дунёнинг икки етакчи ядровий давлати — АҚШ ва Россия арсеналидаги жанговар каллаклар сони минглаб ҳисобланади. Европанинг яна бир ядровий давлати бўлмиш Буюк Британия эса ортиқ Европа Иттифоқи аъзоси эмас.

Гарчи Франция ва Буюк Британия ядровий давлатлар бўлса-да, аксарият Европа мамлакатлари потенциал рақибларни тийиб туришда асосан АҚШга таяниб келган эди. Бироқ АҚШ президенти Дональд Трампнинг Украинадаги уруш масаласида Россия билан яқинлашуви ва анъанавий иттифоқчиларга нисбатан қатъий позицияси Европа ҳукуматларини хавотирга солди. Натижада айрим давлатлар Франциянинг ўз «ядровий соябонини» кенгайтириши ва уларни ҳимоя қила олишига қизиқиш билдирди, деб тушунтиради Reuters.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *