Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан турли соҳаларда фаолият юритаётган бир гуруҳ аёлларни мукофотлади.

Мукофотланганлар орасида Ўзбекистонда зўравонликка қарши қаратилган Nemolchi.uz лойиҳаси раҳбари Ирина Матвиенко ҳам бор. У «Дўстлик» ордени билан тақдирланди.

Ушбу лойиҳа 2017 йилда хотин-қизларга нисбатан зўравонликка эътибор қаратиш ва жамиятнинг бу масалага бўлган муносабатини ўзгартириш мақсадида ташкил этилган. Лойиҳанинг ахборот ресурсларида зўравонликка қандай қарши туриш, қаерда ва қандай ёрдам олиш мумкинлиги ҳақида маълумотлар мавжуд. Гендер зўравонликдан жабрланганлар ўз ҳикояларини аноним тарзда сўзлаб беришлари ва психологик ёрдам олишлари мумкин.

Ирина Матвиенко кўп йиллардан буён гендер тенглиги ҳамда аёллар ва болалар ҳуқуқлари бўйича эксперт сифатида Gazeta билан ҳамкорлик қилиб келади. У Лондон иқтисодиёт ва сиёсий фанлар мактабининг (LSE) гендер, сиёсат ва тенгсизлик бўйича магистрлик даражасига эга.

Бернара Кариева. Фото: gabt.uzБернара Кариева. Фото: gabt.uz

Ўзбекистон халқ артисти, мамлакатнинг энг машҳур балериналаридан Бернара Кариева «Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирланди. У Алишер Навоий номидаги Давлат академик катта театри саҳнасида Одетта-Одиллия, Жизель, Анна Каренина ва бошқа кўплаб партияларни ижро этган, кейинчалик, 1994 йилдан 2002 йилгача театрга раҳбарлик қилган. Жорий йилда у ўзининг 90 ёшлик юбилейини нишонлади.

Бундан ташқари, Ўзбек Миллий академик драма театри актёри Муқаддас Холиқовага ҳам «Меҳнат шуҳрати» ордени берилди.

Умумий ҳисобда, кўп йиллик самарали меҳнати, жамиятда маънавий-ахлоқий муҳитни мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси, ташаббускорлиги ҳамда ўсиб келаётган авлодни тарбиялашдаги хизматлари учун 72 нафар аёл медаллар, орденлар ва фахрий унвонлар билан тақдирланди.