Яқин Шарқдаги жорий вазият туфайли Ўзбекистоннинг барча аэропортларидан Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Қатар, Эрон, Кувайт ва Исроил аэропортларига авиақатновлар тўхтатилди. Бу барча — ҳам маҳаллий, ҳам хорижий авиакомпанияларга тегишли, деб хабар берди Uzbekistan Airports матбуот хизмати.
Авиакомпанияларга (резидент ва норезидентларга) фақат 28 февралгача — яъни АҚШ ва Исроилнинг Эронга ҳужумлари бошланиб, минтақа давлатлари узра ҳаво ҳудуди ёпилганига қадар чиқиб кетган йўловчиларни Ўзбекистонга қайтариш мақсадида рейсларни амалга оширишга рухсат берилган.
Чекловларнинг тугаш санаси аниқ кўрсатилмаган. 2 март куни аэронавигация маълумотлари тизимида (NOTAM) Ўзбекистон ва қўшни давлатлар фуқароларини Ўзбекистондан Саудия Арабистонига ташиш 18 мартгача чеклангани ҳақида билдиришнома пайдо бўлди.
Uzbekistan Airports рейслар бўйича маълумотларни аниқлаштириш учун фақат авиакомпаниялар ваколатхоналарига мурожаат қилишни ҳамда фақат расмий манбалардан фойдаланишни тавсия қилди. Фуқаролар минтақа давлатларидан учинчи давлатлар орқали олиб чиқиб кетишни ёки минтақага сафар ташкил қилишни ваъда қилаётган шахсларга ишонмасликка чақирилди. Авиакомпаниялар ҳам шунга ўхшаш огоҳлантиришлар билан чиқди.
Аввалроқ Gazeta Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Яқин Шарқ мамлакатларига сафарларни қолдиришни тавсия қилгани ҳақида ёзганди. Шунингдек, минтақада бўлиб турганлар учун тавсиялар ва дипломатик миссияларнинг алоқа маълумотларини эълон қилгандик.
Президент ватандошларни Саудия Арабистони, БАА ва Қатардан қайтариш учун авиарейслар ташкил этишни топширган.
Мусулмонлар идораси умра зиёрати дастури вақтинчалик тўхтатилганини маълум қилган. Расмий маълумотларга кўра, Саудия Арабистонида 1000 дан ортиқ ўзбекистонлик зиёратчи бўлиб турибди.
