Хизмат мавқеини суиистемол қилган ҳолда шахсий бойлик орттиришни режалаштирган Тошкент шаҳри Ички ишлар бош бошқармаси икки нафар тезкор ходимининг ноқонуний ҳаракатлари фош этилди, дея хабар бермоқда Давлат хавфсизлик хизмати.

Шайхонтоҳур тумани ИИО ФМБ Жиноят қидирув бўлими катта тезкор вакили ва Тошкент шаҳри ИИББ Жиноят қидирув бошқармаси катта тезкор вакили ўзаро келишиб, Олмазор туманида яшовчи фуқародан 2200 доллар талаб қилишган. Улар фуқаронинг ёнидан топилган 3 грамм гашиш моддаси бўйича қўзғатилган терговга қадар текширув ҳужжатлари доирасида уни жиноий жавобгарликка тортмасликни ваъда қилиб, муқаддам 1000 доллар олган.

Аммо у қолган 1200 долларни ўз хизмат хонасида олган вақтида ушланган. Шунингдек, Тошкент шаҳар ИИББ Жиноят қидирув бўлими катта тезкор вакили ҳам процессуал тартибда ушланган.

Ҳозирда Тошкент шаҳри прокуратураси томонидан мазкур катта тезкор вакилларга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси (Пора олиш) 2-қисми тегишли бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.