• Сб. Мар 7th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Эронда мактабга берилган зарба оқибатида ҳалок бўлган ўқувчи қизларнинг дафн маросими бўлиб ўтди


3 март куни Эрон жанубидаги Ҳурмузгон провинциясининг Миноб округидаги қизлар мактабига уюштирилган ҳужум оқибатида ҳалок бўлган 165 нафар бола ва ўқитувчининг оммавий дафн маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда Al Jazeera. Мактабга ракета зарбаси АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши ҳужумларининг биринчи кунида берилган эди.

CNN ва New York Times ижтимоий тармоқларда ҳужумдан сўнг пайдо бўлган видеоёзув ва фотосуратларнинг геолокациясини аниқлади. NYT таҳлилига кўра, мактабнинг икки қаватли биносининг камида ярми портлаш оқибатида вайрон бўлган. Газетанинг ёзишича, тасвирларда Қизил Ярим ой жамияти ходимлари оилалар билан биргаликда қон ва кул билан қопланган мактаб дарсликлари ҳамда сумкалари сочилиб ётган харобаларни кўздан кечираётгани акс этган. Парталар вайроналар остида қолган. Қурбонларнинг жасадлари қора қопга солинган ҳолда ётарди.

На CNN, на NYT ҳалок бўлганлар сонини мустақил равишда тасдиқлай олмади, шунингдек, мактаб нима сабабдан ва қайси давлат кучлари томонидан ўққа тутилганини аниқлашнинг имкони бўлмади.

Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Аракчи мактаб ўқувчиларининг ўлимида АҚШ ва Исроилни айблади. «Булар АҚШ-Исроил томонидан бошланғич мактабнинг бомбардимон қилиниши оқибатида ҳалок бўлган 160 дан ортиқ бегуноҳ қизлар учун қазилган қабрлардир», — деб ёзди у 2 март куни X тармоғида. У ўз постига қазилган қабрлар акс этган фотосуратни илова қилган.

БМТнинг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти (ЮНЕСКО) мактабга берилган зарбани қоралади. «Таълим олиш учун мўлжалланган жойда ўқувчиларнинг ўлдирилиши мактабларни ҳужумлардан ҳимоя қилиш бўйича халқаро гуманитар ҳуқуқ нормаларининг қўпол равишда бузилиши ҳисобланади», — дейилади баёнотда.

NYT’нинг ёзишича, мактаб Ислом инқилоби қўриқчилари корпусига (ИИҚК) тегишли ҳарбий-денгиз базаси яқинида жойлашган. Нашр томонидан ўрганиб чиқилган сунъий йўлдош тасвирлари шуни кўрсатадики, 2013 йилда мактаб биноси базанинг бир қисми бўлган. Аммо 2016 йил сентябрь ойидаги тасвирларга кўра, муассаса девор билан ўралиб, база билан алоқаси узилган.

Эрон ОАВ томонидан тарқатилган ва NYT томонидан тасдиқланган воқеа гувоҳларининг бошқа видеоёзувларида ҳарбий-денгиз базаси ичидаги иккита бино устида тутун кўтарилаётгани акс этган. Бу шанба куни АҚШ ва Исроил томонидан берилган зарбалардан кўзланган мақсад база бўлганини кўрсатади, деб қайд этади газета.

Мактаб, шифохона ёки бошқа фуқаролик иншоотларига қасддан ҳужум қилиш ҳарбий жиноят ҳисобланади. Бундан ташқари, гуманитар ҳуқуқ фарқланмайдиган хусусиятдаги ҳужумларни тақиқлайди. Халқаро қизил хоч қўмитасига кўра, ҳатто мактаблардан ҳарбий мақсадларда фойдаланилган тақдирда ҳам, қуролли томонлардан тинч аҳоли ва фуқаролик инфратузилмасига зарар етказишдан қочиш ёки уни минималлаштириш талаб этилади, деб аниқлик киритади NYT.

АҚШ Марказий қўмондонлиги «давом этаётган ҳарбий амалиётлар натижасида тинч аҳолига зарар етказилгани» ҳақидаги ОАВ хабарларини «текшираётганини» маълум қилди. Исроил ҳарбийлари эса ушбу ҳудуддаги ҳар қандай зарбалар ҳақида ҳеч нарса билмасликларини билдирган, деб ёзади BBC News.

Бундан аввал АҚШ давлат котиби Марко Рубио журналистларнинг мактабга берилган авиазарба ҳақидаги саволига шундай жавоб берган эди: «Агар бу бизнинг зарбамиз бўлганида, Мудофаа вазирлиги текширув ўтказган бўларди ва мен саволингизни уларга йўналтирган бўлардим. Қўшма Штатлар мактабга қасддан зарба бермаган бўларди» (Reuters иқтибоси).





Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *