• Вс. Мар 8th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистонда мустақил ва никоҳга тайёр жуфтликларнинг оила қуриши рағбатлантирилади



Ўзбекистонда молиявий мустақилликка эришган ва оила қуришга ҳар томонлама тайёр ёшлар ўртасида никоҳ тузилишини рағбатлантириш режалаштирилмоқда. Шавкат Мирзиёев 3 март куни бу борадаги фармонни имзолади, деб хабар берди унинг матбуот хизмати.

Президент томонидан маъқулланган таклифлар идоралараро кенгаш томонидан кенг жамоатчилик, соҳа экспертлари фикрлари ҳамда илғор халқаро тажриба асосида тайёрлангани айтилади.

Эрта никоҳ ва туғуруқларнинг, шунингдек, хотин-қизлар ва болаларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш Ўзбекистонда оила институтини мустаҳкамлаш ва жамиятда соғлом муҳитни шакллантиришнинг энг муҳим йўналишларидан биридир, дейилади хабарда.

21 — энг мақбул ёш

Бугунги кунда никоҳларнинг 40 фоизи 18−19 ёшдаги ёшлар ўртасида тузилмоқда. Шу билан бирга, халқаро тавсияларда 21 ёш никоҳ қуриш учун энг мақбул ёш сифатида белгиланган — бу даврда инсон, одатда, молиявий мустақилликка ва ижтимоий етукликка эришади, дейилади хабарда.

2027 йилдан бошлаб ҳар икки томон камида 21 ёшга тўлганда илк бор никоҳдан ўтган ёш оилаларга давлат томонидан қўшимча имтиёзлар ва бошқа қўллаб-қувватлаш чоралари тақдим этилади.

Ушбу оилалар Ижтимоий реестрга киритилганда, оила аъзоларига уларни қўллаб-қувватлаш, фаолиятини ривожлантириш, даромадларини ошириш ёки мураккаб ҳаётий вазиятдан чиқиш учун бериладиган молиявий ёрдам (субсидиялар, ссудалар, грантлар) қонунчилик ҳужжатларида белгиланган миқдорларга нисбатан 1,5 баравар оширилган ҳолда ажратилади.

Жорий этилган чоралар қаторида никоҳ шартномасини имзолаган жуфтликларни никоҳни қайд этиш учун давлат божини тўлашдан озод қилиш ҳам бор.

Бундан ташқари, қонунчиликда никоҳ ёшини пасайтириш учун аниқ (тугал) асослар белгиланади. Ҳозирги вақтда ҳокимлар истисно ҳолларда ва узрли сабаблар мавжуд бўлганда (ҳомиладорлик, бола туғилиши ва вояга етмаган шахсни тўлиқ муомалага лаёқатли деб эълон қилиш) никоҳ ёшини 18 ёшдан 17 ёшгача пасайтириш ҳуқуқига эга.

Олий таълимда «иккинчи имконият»

2026/2027 ўқув йилидан бошлаб ҳомиладор талаба қизлар ва 3 ёшгача бўлган фарзандини тарбиялаётган талабаларга олий маълумот олиш учун «иккинчи имконият» тақдим этилади.

Курсда қолдирилган ёки ўқишдан четлаштирилган талабалар, истисно тариқасида, академик фарқларни қайта ўзлаштириш шарти билан ўқишини давом эттириш имкониятига эга бўлади.

Бундан ташқари, улар учун академик фарқларни мустақил ўзлаштириш мақсадида қўшимча муддат берилади ва зарур шароитлар яратилади.

Ҳомиладор талаба қизлар ёки 3 ёшгача фарзанди бўлган талабаларга академик таътил даврида ўз хоҳишига кўра ўқишни масофавий шаклда давом эттириш имкониятини жорий этиш кутилмоқда.

Бундай талабалар учун масофавий таълим шакли бўйича кадрлар тайёрлаш йўналишларини ва қабул квоталарини ошириш ҳам режалаштирилган.

Эрта никоҳга қарши курашни кучайтириш

Фармон билан вояга етмаганлар билан никоҳ қуришга даъват қилиш (ундаш), шунингдек, бундай никоҳларни тарғиб қилганлик учун маъмурий жавобгарлик белгилаш режалаштирилган. Бундан ташқари, никоҳ ёши тўғрисидаги қонунчиликни ёки никоҳ тузиш тартибини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик кучайтирилади.

1 сентябрдан никоҳ ёши тўғрисидаги қонунчиликни ёки никоҳ тузиш тартибини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун ундирилган жарима суммасининг 15 фоизи бундай ҳолатлар ҳақида хабар берган шахсларни рағбатлантиришга йўналтирилади.

Бундан буён эрта никоҳлар ва 16 ёшгача бўлган даврдаги ҳомиладорлик ҳолатлари тўғрисида ички ишлар органлари ҳамда «Инсон» ижтимоий хизматлар кўрсатиш марказларини хабардор қилиш мажбурияти фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва ФҲДЁ вакиллари, таълим ва тиббиёт муассасалари, шунингдек, диний ташкилотлар зиммасига юкланади. Бу ҳақда хабар бермаслик уларни маъмурий жавобгарликка тортиш учун асос ҳисобланади.

Шунингдек, эрта никоҳ ва 16 ёшгача бўлган даврдаги ҳомиладорлик ҳолатлари аниқланган хотин-қизлар тўғрисидаги маълумотларнинг махфийлиги ва ҳимоя қилиниши кафолатлари жорий этилади.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *