• Вт. Мар 17th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Муаммар Қаззофийдан қарздор бўлиб қолган тадбиркор ким эди?


Ливия етакчиси Муаммар Қаззофий ўзининг антиқа одатлари билан машҳур эди. Масалан, АҚШ Давлат котиби Кондолиза Райсга ошиқ бўлиб қолгани ҳақида вақтида роса ёзилган. Қаззофийнинг яна бир хос жиҳати — хорижга ташрифларии давомида ҳашаматли меҳмонхоналардан воз кечиб, ўзи билан олиб юрадиган бадавийлар чодирида яшашни афзал кўриши эди. Бу билан у кўчманчи бадавийлардан бўлган аждодлари ва анъаналарига содиқлигини намойиш этишга уринарди.

Албатта, Қаззофийнинг чодири аждодлариникидан анча фарқ қилиб, замонавий қулайликларга эга эди. Чодир ичидан нафақат оддий стол ва стуллар, балки шинам креслолар, диван ва ҳатто плазмали телевизор ҳам жой олган. Чодирга кириш қисмига қимматбаҳо гиламлар тўшалган, ташқарида эса анъанавий манқал (олов ёқиш учун жой) ўрнатилган эди.

Муаммар Қаззофийнинг чодирини ҳар доим ҳам у хоҳлаган жойга ўрнатишга рухсат берилавермаган. Масалан, Москвага ташрифи чоғида у ўз қароргоҳини Кремлнинг Собор майдонида тикламоқчи бўлган. Бироқ унга рад жавоби берилиб, чодирни Кремль ҳудудидаги Тайнин боғига қуришга рухсат берилган. Унинг чодирига ўша пайтдаги бош вазир Владимир Путин ва машҳур француз хонандаси Мирей Матё меҳмонга келишган эди.

2009 йилда БМТ Бош Ассамблеяси 64-сессиясига келган Қаззофий Ню-Йоркнинг қоқ марказидаги Марказий боғда (Central Park) чодир қуришни режалаштиради, аммо яна рад жавобини олади. Шундан сўнг Ливия раҳбарининг одамлари америкалик бир тадбиркор билан келишиб, Ню-Жерси штатидаги Энглвуд шаҳарчасидан ер майдонини ижарага олади. Бир неча кунлик ижара учун бир ёки икки йиллик тўлов миқдорида каттагина пул тўланади. Чодир ўрнатилади, лекин Қаззофий у ерда яшай олмайди — шаҳар маъмурияти тадбиркорни суд билан қўрқитгач, у ерда яшаш тақиқланади. Энг қизиғи, ижара учун тўланган маблағ Қаззофийга қайтариб берилмаган. Ўша америкалик тадбиркорнинг исми Доналд Трамп эди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *