Шавкат Мирзиёев марҳум кичик сержант Хосилбек Бекназар ўғли Эшназаровни «Жасорат» медали билан мукофотлаш тўғрисида фармон имзолади, дея хабар бермоқда президент матбуот хизмати.
Мукофот унга ички ишлар органларидаги фидокорона меҳнати, жиноятчиликка қарши курашиш, жамоат хавфсизлиги ва халқ осойишталигини сақлаш, йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, қоидабузарликлар профилактикасини самарали амалга ошириш борасидаги катта хизматлари, қасамёдига содиқ қолган ҳолда ўз бурчини сидқидилдан ва юксак шараф билан адо этиб, мардлик ва фидойилик намунасини кўрсатгани учун берилди.
Тошкент шаҳри ЙҲХБ йўл-патруль хизмати инспектори Хосилбек Эшназаров Тошкентда ўсмир бошқарувидаги BMW М4 автомобили уриб юбориши оқибатида ҳалок бўлганди.
Gazeta’нинг хабар қилганидек, BMW М4 рулида 16 ёшли мактаб ўқувчиси бўлган. У автомобилни олиб қочиш ва қасддан баданга оғир шикаст етказишда гумонланмоқда.
