Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги экспортчи корхоналари учун фавқулодда ёрдам механизмини жорий этди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар бермоқда.

Қайд этилишича, бугунги кунда Яқин Шарқ минтақасида юзага келган мураккаб геосиёсий вазият ушбу ҳудуд орқали амалга оширилаётган транзит ва ташқи савдо операцияларига бевосита таъсир кўрсатмоқда. Бу эса логистика узилишлари, транспорт йўналишларида кечикишлар, божхона расмийлаштируви ҳамда халқаро тўловлар билан боғлиқ қийинчиликларни келтириб чиқармоқда.

«Шу муносабат билан, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги томонидан ташқи савдо билан шуғулланувчи корхоналарни тезкор қўллаб-қувватлаш мақсадида фавқулодда ёрдам механизми жорий этилди», — дейилади хабарда.

Маълум қилинишича, мазкур механизм доирасида тадбиркорлар @miit_tashqisavdo_bot Telegram боти орқали ёки республика экспорт штаби ҳузурида 24/7 режимида фаолият юритувчи колл-марказга (+998 71 238 52 52) мурожаат қилиши мумкин.

Аввалроқ Gazeta Яқин Шарқдаги уруш Ўзбекистон иқтисодиётига қандай таъсир кўрсатиши борасида мутахассис фикрини келтириб ўтганди. Яқин Шарқдаги урушнинг Ўзбекистон иқтисодиётига таъсири кўлами унинг қанча давом этишига боғлиқ, деб ёзмоқда Миркомил Холбоев. Минтақа давлатлари билан савдо тўхтаса, бу ЯИМни 0,6 фоиз атрофида секинлаштиради. Айни пайтда, юқорироқ нархда олтин экспортининг ўсиши салбий оқибатларни юмшатиши мумкин.