2025 йилнинг сентябрь ойида Яккасарой туманида BYD ҳайдовчиси ҳамда унинг отаси йўлига чиққан Lacetti Gentra ҳайдовчисини дўппослагани ва автомобиль ойналарини синдиргани, шунингдек, ҳодиса содир бўлганидан сўнг машинада бўлган аёл ҳомиласини йўқотгани ҳақида хабар берилганди.
Ҳолат Жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман судида кўриб чиқилиб, ҳукм ўқилди. Gazeta суд ҳукмини ўрганди.
Унда ёзилишича, 24 ёшли И.Ю. ўз айбига қисман иқрор бўлган. Унинг сўзларига кўра, Lacetti ҳайдовчиси Д.С. унинг йўлини тўсиб қўйган, шу сабабли судланувчи кескин тормоз босишга мажбур бўлган. Унинг отаси 55 ёшли Б.У. Lacetti ҳайдовчисига танбеҳ берган.
Шундан сўнг Д.С. қасддан 5−6 марта кескин тормоз бериб, авария ҳолатини юзага келтирган. Унинг айтишича, навбатдаги танбеҳга Lacetti ҳайдовчиси отасини ҳақорат қилиб, жўнаб кетган. Шундан сўнг И.Ю. Lacetti’ни кўприкда тўхтатган ва оёғи билан уриб, ён ойнасини синдирган. Шу билан бирга, у Д.С. ва унинг рафиқасига тан жароҳати етказганини рад этди.
Судланувчи, шунингдек, Д.С. терговга видеотасвирнинг фақат ўзига керакли парчаларини берганини, бироқ видеони тўлиқ тақдим этмаганини, терговчи эса жиноят ишини бир томонлама олиб борганини таъкидлади.
Шунингдек, у мазкур ҳолатни Д.С. атайлаб келтириб чиқарганини айтиб, Д.С. ва унинг турмуш ўртоғини ёлғон кўрсатма бергани учун жавобгарликка тортиш масаласини кўриб чиқишни сўраган.
Жабрланувчи, Lacetti ҳайдовчисининг турмуш ўртоғи М.С. воқеа бўйича кўрсатма берди. Унинг айтишича дастлаб BYD уларнинг машинасини сиқиб кетган.
«BYD кўприк ҳудудида олдимизда тўхтади. Ундан И.Ю. ва Б.У. тушиб, турмуш ўртоғим томонга келишди. И.Ю. автомашинанинг олд ойнасини оёғи билан уриб синдирди. Сўнгра улар биргаликда турмуш ўртоғимни уришди. Мен турмуш ўртоғимни ҳимоя қилишга уриндим ва ўзимни ҳомиладор эканлигимни билдирдим. Бунга қарамасдан, улар зўравонликни давом эттиришди. Шу пайтда турмуш ўртоғимни бўйнидан ушлаганимда, ушбу шахслардан кимнингдир қўли келиб менга ҳам урилди ва натижада қошим кўкарди», — деди аёл судда.
Аёлнинг қайд этишича, шундан сўнг ота ва бола воқеа жойидан кетиб қолган. Улар эса «102» рақамига хабар берган ва ҳолат ИИО ходимлари томонидан расмийлаштирилган. Аёл ҳодисадан сўнг ўзини ёмон ҳис қилгани ва 17 сентябрь куни Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига мурожаат қилганини сўзлади.
«У ерда шифокорлар кўриб, УЗИ қилишди ва ҳомилам тушганлигини айтишди. Менга оғриқ қолдирувчи укол қилишди, гинеколог кўригидан ўтдим. Мендан қон келди ва шифокор ҳомилам тўлиқ тушганини тасдиқлади. Бу менинг биринчи марта ҳомиладор бўлишим эди. Буни тест қилиб билгандим ва яшаш манзилимдаги поликлиникада УЗИ қилдирганимда, муддат кичиклиги сабабли беш кундан кейин келишимни айтишганди», — дейди у.
У ҳозирги кунда судланувчилар И.Ю. ва Д.У.га нисбатан моддий ва маънавий даъвоси борлиги ва уларга нисбатан энг оғир жазо тайинланишини сўради.
Судда Lacetti ҳайдовчиси, жабрланувчи Д.С. ҳам воқеани айни турмуш ўртоғидек тарифлаб берди.
Судда, шунингдек, BYD автомобилида бўлган, ота ва боланинг таниши, гувоҳ М.С. ҳам кўрсатма берди. У ҳам ҳолатни судланувчи кўрсатмасидек айтиб берди ва воқеадан сўнг жабрланувчи ёнига кечирим сўраш учун борганини билдирди.
«Ушбу ҳолатлардан сўнг Д.С.нинг олдига, дўконига кечирим сўраш учун бордим. Бироқ у фарзандини нобуд қилишгани сабабли бизни кечирмаслигини айтди. У бизни қамоқда чиришимиз учун „пул отганини“, камерада ҳам бизга кун йўқлигини билдирди. Шунингдек, мени ўзимни ҳам қамаш кераклигини, тергов ва судни ҳал қилиб қўйганини ҳамда И.Ю. ва Б.У.лар қамалишини айтиб, менга таҳдид қилди. Мен эса индамай кетдим», — деди гувоҳ.
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида гинеколог шифокори, гувоҳ Г. К.нинг кўрсатмасига кўра, жабрланувчи М.С. бачадондан қон кетаётганидан шикояти қилиб келган. Унга бемор бир кун олдин йўлда жанжал бўлганини ва қаттиқ стрессда эканини айтган.
«Ҳақиқатан ҳам беморнинг бачадон қисмида бироз қон бор эди, лекин бундай ҳолат аёлларда ҳайз (менструация) пайтида, ҳомила тушиш жараёнида ёки бошқа ҳолатларда ҳам кузатилиши мумкин. М.С. менга ҳомиладорликни аниқловчи тестни ҳам кўрсатди, бироқ бу тест айнан унга тегишли эканини билмайман. Қолаверса, бундай тестлар ҳар доим ҳам тўғри натижа бермайди», — деди гувоҳ.
Шифокор одатда ҳомила тушаётганда бачадонда унинг қолдиқлари қолишини таъкидлади. Лекин М.С.да бундай қолдиқлар мавжуд бўлмаган. У беморга оғриқ қолдирувчи укол қилгани ва беморнинг сўзларидан келиб чиқиб, ҳомила муддатини ёзиб берганини, шунингдек, ўзи берган маълумотнома ва ташхис тахминий характерга эга бўлганини айтди.
«Бизнинг вазифамиз беморга биринчи ёрдам кўрсатиш бўлгани учун унга яшаш ҳудудидаги поликлиникага мурожаат қилишни тавсия қилдим. Ҳомила бор ёки йўқлигини аниқлаш бизнинг эмас, суд экспертларининг вазифасига киради. М.С. менга аввалроқ ўз поликлиникасида ҳам УЗИ қилдиргани, лекин муддат кичиклиги сабабли ҳомила кўринмаганини айтган эди. Ўша куни унда актив эмас, балки „обильное“ қон кетиш кузатилган, бу эса стресс ҳолатида ҳам юзага келиши мумкин. Шуни айтишим керакки, кичик муддатдаги ҳомила одатда қорин қисмига кучли зарба берилганда тушиши мумкин. Мен ёзган маълумотнома фақат беморнинг гапларига асосланган эди», — деди гинеколог.
Суд ҳукми
Дастлаб судланувчиларга Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми «e,» «к» бандлари (Бир гуруҳ шахслар томонидан безорилик ниятида қасддан баданга оғир шикаст етказиш) бўйича айблов эълон қилинган. Суд-тиббий экспертизаси жабрланувчида ҳаёт учун хавфли бўлмаган енгил тан жароҳатлари борлигини аниқлаган. Шу билан бирга, ҳомила тушиши ҳақидаги тахмин асосли деб топилмади, чунки ҳодиса содир бўлгунга қадар ҳомиладорликни тасдиқловчи тиббий ҳужжатлар мавжуд эмас эди. Шу муносабат билан суд оғир жиноят содир этишга қасд мавжудлиги исботланмаган деган хулосага келди.
Суд уларни Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми «б» бандида (Бир гуруҳ шахслар томонидан содир этилган безорилик) назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топди. Уларга 2 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Уларнинг ҳибсда сақланган вақтини инобатга олиб, 1 йил 6 ой 24 кун озодликни чеклаш жазоси тайинланди.